РАВИШ

РАВИШ — мустақил сўз туркумларидан бири; ҳаракат ва ҳолатнинг белгисини, шунингдек, белгининг белгисини билдиради. Равиш ларнинг қуйидаги маъновий турлари мавжуд: ҳолат (тарз) Р. лари (тез, секин, пиёда каби); ўрин Равишлари (узоқда, яқиндан, пастда каби); пайт Равишлари (ҳозир, кеча, бугун каби); даражамиқдор Равишлари (анча, сал, кам каби); мақсад Р. лари (атайлаб, жўрттага каби); сабаб Равишлари (ноилож, иложсиз, чорасизликдан каби). Пайт, ўрин ва мақсад Равиш ларидан бошқа барча Равишларни, энг умумий хусусиятларига кўра, бир турга киритиш ва уларни ҳолат (тарз) Равишлари деб аташ мумкин.

Равиш мустақил сўз туркуми сифатида қуйидаги морфологик хусусиятлар б-н ажралиб туради:

1) даража категориясига эга: тез, кўп (оддий даража) — тезроқ, кўпроқ (қиёсий даража) — энг тез, жуда кўп (орттирма даража) каби; 2) ўзгармас булиб, кўпинча феълларга боғланиб келади: Сўрида қат-қат духоба кўрпачалар устма-уст тўшалган эди;

3) Равиш айрим ўринларда сифат ва отга боғланиб келиши ҳам мумкин. Бундай ҳолларда Равиш белгининг белгисини ёки предметнинг белгисини эмас, ўзи боғланиб келган сифат ёхуд отдан англашилган ҳаракатхрлатнинг белгисини билдиради: Кеча ҳаво жуда совуқ эди. У ҳозир беқиёс ва тасаввур қилиб бўлмас бахтиёр эди;

4) Равиш ясовчи мухсус қўшимчаларга эга: ча, она, ларча, лаб ва б. ;

5) турланмайди ва тусланмайди (отлашиш ҳоллари бундан мустасно).

Равишлар морфологик ва синтактик усуллар билан ясалади: дўстона, қаҳрамонларча, ойлаб (морфологик усул), ҳар замон, шу он, бир дам (синтактик усул) каби. Равишлар тузилишига кўра, содда (камтарона, виждонан, бутунлай), қўшма (ҳар дам, бир йўла, озмунча, ҳар қачон), жуфт (кечакундуз, қишин-ёзин) ва такрорий (озоз, тез-тез, кўп-кўп) турларга бўлинади. Равиш ларнинг анчагина, жуда, кам, камкам каби шакллари модал шакл ҳисобланади. Равишлар гапда ҳол, аниқловчи ва кесим вазифаларида келади.

Равишлар белги англатиш хусусиятлари б-н сифатларга ухшайди, аммо грамматик хусусиятлари жиҳатидан улар ўзаро фарқланади: сифатлар предметнинг белгисини, Равишлар эса ҳаракат ёки ҳолатнинг белгисини билдиради; уларнинг гапдаги, яъни синтактик вазифаси ҳам ўзгачадир.

Ад.: Ўзбек тили грамматикаси [Морфология, 1-ж. ], Т., 1975.

Илҳомжон Мадраҳимов.

Loading...