РАВНАҚ

РАВНАҚ Паҳлавонқули (1725— Хоразм — 1805) — шоир. Хивадаги Шерғозихон мадрасасида ўқиган. Дастлаб Хива хони Абулғози Соний (1742— 47) ни мақтаб шеърлар ёзган. 1768 й. да тахтга ўтирган Ғойибхон таъқибидан қочиб, бир неча йил сарсон-саргардонликда юрган. Сўнг Хива мадрасаларидан бирининг ҳужрасида фақирликда ҳаёт кечирган. Ўзбек, форс ва араб тилларида, асосан, лирик жанрларда ижод қилган. Ягона қўлёзма девони бизгача етиб келган. У 286 шеър — 5251 мисра: 258 ғазал, 22 мухаммас, 5 қасида ва 1 мустазоддан иборат. Шеърларининг асосий мавзуи инсонга ва ижтимоий ҳаётга муносабат масалаларидир. Равнақ ғазал жанрини тематик жиҳатдан бойитган. Ғазалларида инсоний ишқ-муҳаббатни, табиат ва ҳаёт гўзалликларини мадҳ этиш билан бирга давр ва тақдирдан, замона носозликларидан шикоят қилган. Навоий (14 та), Фузулий (3 та), Машраб, Хуррамий ва б. нинг ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Равнақ қасидалари анъанавий услубдан фарқ қилиб, муайян шахс ёки воқеага эмас, шоир яшаб турган ижтимоий ҳаётга бағишланган, уларда амалдорлар инсофга чақирилган («Мунча жавринг дегил…» ва б.). Р. шеърлари ғоявий ва бадиий жиҳатдан қимматли. «Девони Равнақ» номли қўлёзмаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланади (инв. №922).

Ад.: Ўзбек адабиёти тарихи [5 ж. ли], 3ж., Т., 1978.

Loading...