РАХИТ

РАХИТ (юн. rhachis — умуртқа) , ширзада — ёш болаларда учрайдиган касаллик. Организмда витамин D етишмаслиги туфайли фосфоркальций алмашинувининг бузилиши натижасида келиб чиқади. Рахитга кўпинча боланинг чала туғилиши, қувватсизлиги, сунъий овқатлантириш сабаб бўлади.

Бола яхши парвариш қилинмаса, очиқ ҳаво ва қуёш нуридан баҳраманд бўлмаса, нотўғри овқатлантирилса, унинг организмига витамин D етарли миқдорда кирмайди ёки ультрабинафша нурлар етишмаслигидан терисида витамин D ҳосил бўлиши бузилиб, Рахит касаллиги кучаяди. Бундан ташқари, боланинг тез-тез касалланиши, онанинг ҳомиладорлик вақтида овқат рационининг бузилганлиги ҳам Рахит касаллигига сабаб бўлади. Рахит касаллиги моддалар алмашинувининг бузилишига қамда турли аъзо ва системалар ишининг издан чиқишига олиб келади. Бу касалликда фосфор ва кальций каби минерал тузлар алмашинуви айниқса кучли бузилади. Ичакда кальцийнинг сўрилиши ва суякларга ўтириши ўзгаради, бу — суякнинг ингичкалашиб, тўқималарининг юмшашига, нерв системаси ва ички аъзолар ишининг бузилишига сабаб бўлади.

Касалликнинг дастлабки даврида беморнинг нерв системасида ўзгаришлар рўй беради: бола қўрқоқ, тажанг, инжиқ ёки шалвиллаган бўлиб қолади; кўп терлайди, эмаётганида юзи, ётганида энсаси терга ботади. Болани қичима безовта қилганлиги учун у бошини ёстиққа ишқайверганидан орқа сочи тўкилиб кетади. Касаллик кучайганда мускуллар заифлашади, буришади; касал бола соғлом болага нисбатан кеч юради, қорни шишади, ичи кўпинча қотади ёки суради, кейинчалик суяк системаси ўзгаради: елка суяги яссиланади, боши катталашади, пешона ва калланинг тепа суяги туртиб чиқади, пешона дўнг бўлиб қолади, калла тепа суяги ва энса соҳасидаги суякнинг юмшаши кузатилади. Бошнинг катта лиқилдоғи ўз вақтида суякланмайди. Кўпинча тўш ёнидаги қовурға суяклари қалинлашади. Бола юра бошлаганида оёклари X шаклида ёки О шаклида қийшаяди. Кўкрак қафасининг шакли ҳам ўзгаради: ё олдинга туртиб чиқади ёки ичига кириб кетади.

Рахитга учраган болалар турли юқумли касалликларга (айниқса, зотилжамга) мойил бўлади.

Рахит касаллигининг олдини олиш туғруққача бўлган даврда бошланади. Ҳомиладор аёл мумкин қадар тоза ҳавода кўпроқ бўлиши, режимга қатъий риоя қилиши, тўғри овқатланиши керак (қ. Овцатланиш).

Бола туғилганидан кейин уни парвариш қилишнинг барча қоидаларига риоя қилиш ва иложи борича кўкрак сути билан боқиш лозим (қ. Гўдак).

Рахитни даволашда врачнинг кўрсатмасига мувофиқ, витамин D бошқа дорилар б-н биргаликда берилади. Зарур бўлган ҳолларда врачнинг тавсиясига мувофиқ даво гимнастикаси, массаж, кварц лампаси билан нурлантириш ўтказилади.

Loading...