РЕЖАЛАШТИРИШ — миллий иқтисодиётнинг турли даражаларида (микродаражада — корхоналар ва уларнинг айрим бўлинмалари, шунингдек, корхоналар гуруҳлари, тармоклар, секторлар ва минтақалар миқёсида; макродаражада — мамлакатнинг бутун иқтисодиёти миқёсида) ижтимоийиқтисодий жараёнларни тартибга солиш ва бошқариш шакллари. Жорий, қисқа муддатли (ойлик, чораклик, йиллик), ўрта муддатли (5 йиллик) ва истиқболдаги — узоқ муддатли (10—15 йиллик) Режалаштиришга бўлинади.
Совет иқтисодиётида халқ хўжалигини марказлаштирилган Режалаштириш хўжалик механизмининг асосий бўғини ҳисобланган ва директив, манзилли, барча хўжалик юритув субъектлар учун мажбурий бўлган. Режалар тизими мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг ягона халқ хўжалиги режаси, тармоклар ва минтақалар режалари, шунингдек, корхоналар режаларини ўз ичига олган. Режалаштиришни давлат миқёсида махсус органлар — СССР Давлат план (режалаштириш) қўмитаси ва иттифокдош республикалар Давлат план (режалаштириш) қўмиталари ҳамда уларнинг вилоят, туман бўлинмалари ишлаб чиққан. 1928 й. дан бошлаб СССРда халқ хўжалигини ривожлантиришнинг 5 йиллик режалари амалиётга киритилган ва бу тартиб 1991 й. га қадар сақланиб келди.
Бозор иқтисодиёти шароитида Режалаштириш корхоналар даражасида бизнес режалар тузиш шаклида (ички фирма Р.) (қ. Бизнес режа), компаниялар гуручлари даражасида корпоратив режалар шаклида амалга оширилади. Бир қатор ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда макродаражада Режалаштириш давлат томонидан тартибга солишнинг муҳим ва кенг тарқалган шакли бўлиб келди. 1950-й. лар ўрталаридан бу мамлакатларда индикатив Режалаштириш, яъни тавсия этиладиган, маслаҳат тарзидаги Режалаштириш амалга оширила бошлади. Бундай Режалаштириш Франция ва Японияда ўтган асрнинг 70-й. ларига қадар, айрим мамлакатлар, Мас, Корея Республикаси ва Тайванда 80-й. лар ўрталаригача амал қилди. Индикатив режаларда и. ч. ва истеъмол ҳажмлари, тузилмаси, ўсиш суръатлари, нархлар динамикаси, экспорт ва импорт, инвестициялар ва б. нинг асосий кўрсаткичлари белгиланади. Шунингдек, бу режаларда бозор субъектларини қўйилган мақсадларни бажариш, режали индикаторлар (кўрсаткичларни амалга ошириш) сари йўналтирилган иқтисодий стимуллар тизими, даромадлар ва бандлик, соликлар бўйича бевосита ва билвосита дастаклари ҳам келтирилади.
Бу умумий режалар тизими, шунингдек, миллий иқтисодиётнинг айрим секторлари ва тармоқларини ривожлантириш режапрогнозларини ҳам ўз ичига олади. Режа бўйича танланган устуворликларни молия ва саноат гуруҳлари, тадбиркорлар уюшмалари, касаба уюшмалари ва б. манфаатли гуруҳдар билан келишиб олиш тартиби индикатив Режалаштиришнинг таркибий унсури ҳисобланади. Худди шу механизмлар муайян давр давомида давлат бошқарувидаги бундай шаклнинг иқтисодий ва ижтимоий самарадорлигини таъминлади. 70-й. ларнинг ўрталаридан бошлаб бошқаришни марказлаштирмаслик жараёнлари таъсирида индикатив Режалаштириш тизими парчаланиб кетди ва унинг ўрнига узоқ муддатли стратегик режалаштириш усули қарор топди.
Давлатнинг Режалаштириш фаолиятида давлат буюртмалари (қ. Давлат буюртмаси), контрактлар тизими воситасида амалга ошириладиган бирон-бир тармоқни ривожлантиришга доир умумий ва махсус давлат дастурлари ҳамда лойиҳалари — дастурлар бўйича бошқариш марказий ўринни эгалайди. Мас, Францияда умуммиллий 5 йиллик режалар аксарият ҳолатда тадқиқот характерига эга. Унинг таркибий қисми шерик ҳамкорлар — тадбиркорлар, марказий ва маҳаллий ҳокимият органлари, касаба уюшмалари ва б. жамоатчилик интлари томонидан биргаликда молиялаштиришни назарда тутадиган лойиҳалардан иборат. Японияда 5 йиллик режанинг моҳиятини келажак даврда мамлакатни ижтимоийиктисодий ривожлантиришнинг концепцияси ташкил этади.
Ўзбекистонда ҳам хукумат томонидан Иқтисодиёт вазирлиги ва б. вазирликлар ва идоралар иштирокида стратегик режалаштириш тизимини барпо этиш, шунингдек, мамлакатни ижтимоийиктисодий ривожлантиришнинг 10—15 йилга мўлжалланган узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, 2004—2006 й. ларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепцияси (2003), Ўзбекистон Республикаси аҳолисини 2010 йилгача бўлган даврга мўлжалланган ижтимоий ҳимоя тизимининг ягона концепцияси (1995) ва б. ўрта ва узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқилган. Ўзбекистонда давлатакциядорлик корхоналарининг режалари негизини давлат буюртмаси тизими ташкил этади.
Режалаштиришнинг турлари орасида ижтимоий Режалаштириш алоҳида аҳамиятга эга. Бундай Режалаштириш миллий иқтисодиётнинг ижтимоийиктисодий самарадорлигини ошириш, ижтимоий жараёнларни окилона бошқаришнинг ўзига хос шакли ҳисобланади. Бундай Режалаштиришда ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражаси ва сифатини тавсифлайдиган бошқа барча кўрсаткичларни режалаштириш назарда тутилади.
Ўрозмамад Қаландаров.