РЕКОМБИНАЦИЯ

РЕКОМБИНАЦИЯ — бетартиб ҳаракат натижасида ҳар хил ишорали ионларнинг ўзаро учрашиб нейтрал молекулалар (атомлар) ни ҳосил қилиш жараёни. Рекомбинация ҳодисасини туз, ишқор ва кислоталарнинг сувдаги эритмалари, ионлаштирилган газлар, яримўтказгичлар ва б. да кузатиш мумкин. Эритмаларда бир вақтнинг ўзида эритилган модда молекулаларининг ионларга ажралиши (диссоциацияси) ва ионларнинг бирлашиб молекулага айланиши содир бўлиб туради. Вақт бирлигида диссоцияланган молекулалар сони шу вақт давомида рекомбинациялашищ натижасида ҳосил бўлган молекулаларнинг сонига тенг булиб қолса, мувозанат ҳолат юзага келади. Икки хил ишорали ионларнинг ўзаро учрашиш эҳтимоли мусбат ва манфий ионлар концентрациясига мутаносиб булади. Агар эритмада эриган модда молекулаларининг сони жуда кам миқдорда бўлса, вужудга келган ионларнинг бир-бирлари б-н учрашиш эҳтимоли камайиб кетади, натижада Рекомбинация содир бўлмайди.

Яримўтказгичларда ҳар бир вақтнинг ўзида икки жараён юз беради: эркин электрон ва ковакларнинг жуфт ҳолда ҳосил бўлиши ҳамда электрон ва ковакларнинг жуфт ҳолда йўқолишига олиб келувчи Рекомбинация эҳтимоллиги эркин электронлар ва коваклар сонига мутаносиб. Рекомбинация жараёнида бирлашувчи ионларнинг ортиқча энергиялари электромагнит нурланиш кўринишида ажралиб чиқиши мумкин.

Prev Article

РЕКЛАМА