РЕПОРТАЖ

РЕПОРТАЖ (инг. report — етказмоқ, хабар қилмоқ) — журналистиканинг информацион жанр тури. Бу жанрда журналист (репортёр) бевосита ўзи иштирок этган, шоҳиди бўлган, кўрган воқеаҳодисалар ҳақида зудлик билан ёрқин, атрофлича хабар беради. Бунда, одатда, муаллиф воқеаларни ўз тилидан баён этади. Репортажда барча информацион жанрлар (лавҳа, ҳисобот, суҳбат ва ш. к.) унсурлари қўшилиб кетади. Унда бадиий образлар, тарихий далиллардан кенг фойдаланилади.

Оммавий ахбороталоқа воситалари турига (матбуот, радиоэшиттириш, телекўрсатув) қараб материалларни Репортаж орқали ёритишнинг айрим ўзига хос хусусиятлари бор. Матбуотда (асосан, газ. да) Репортаж вокеабанд ва мавзули (турли вақтда бўлган воқеалар бир мавзуга бирлаштирилиб баён этилади) бўлиши мумкин. Бундай Репортажлар, одатда, воқеалар бўлиб ўтган жойлардан олинган фотосуратлар б-н безатилади. Матбуотда фоторепортажлар ҳам кенг тарқалган. Радио оркали бериладиган Репортажда воқеалар образли, жонли сўзлар билан тавсифланиб, ҳамма вақт хронологик изчиллик сақланади. Телекўрсатувлардаги Репортажда экранда намойиш этилаётган воқеалар шарҳлаб берилади.

Prev Article

РЕПЕРТУАР

Next Article

РЕПРЕССИЯ