РЕПРЕССИЯ

РЕПРЕССИЯ (сўнгги лот. repressio — босим, тазйиқ) — давлат органлари қўллайдиган жазо чораси, қатағон қилиш. Асосан, мустабид, тоталитар, мустамлакачи давлат томонидан халққа нисбатан қўлланиладиган жазолаш, қатли ом, қатли нуфус, оммавий тарзда зулм ўтказиш тушунчаларини ифодалайди. Оммавий жазолаш, қийноққа солиш чоралари мустабид давлатларнинг халқни асоратда ушлаш, қўрқитиш, босим ўтказиш қуролидир. Мустамлакачи давлатлар ўзларига тобе ўлкаларда халқнинг норозилигини, ижтимоий-сиёсий, озодлик харакатини бостириш, таг туги билан йўқотиш учун ҳарбий, сиёсий, иқтисодий Репрессияни қўллаганлиги тарихдан маълум. Мас, чор ҳукумати Туркистонни босиб олган биринчи кундан халқни қўрқитиш, ваҳимада ушлаш сиёсатини олиб борди. Дастлаб, истилочи генерал М. Черняев 1865 й. Тошкент мудофаасининг раҳбари Мулла Солиҳбек додхоҳ Тўёқбий ўглини 2 шартномага имзо чекишдан бош тортгани учун 8 нафар шериги билан судсиз, сўроқсиз Томск ш. га сургун қилиб, Репрессияни қўллаган эди. Кейин чор ҳукумати 1892 й. ги «Вабо қўзғолони» (Тошкент) даврида ҳам бундай чорани қўллаб, тинч аҳолидан бир қанча кишини отиб ташлади, қўзғолон раҳбарларидан Шарифхўжа қози Пошохўжаев, Инъомхўжа оқсоқол Умархўжаевни сургун қилди. 1898 й. қўзғолони бостирилгач (қ. Андижон қўзғолони), Мингтепа қишлоғи тўпга тутилиб, аҳолиси қирилди, 22 мингдан ортиқ киши ўлдирилди, сургун қилинди. Шунингдек, 1916 й. ги мардикорга олиш жараёнида қўзғолон кўтарган Тошкент, Жиззах аҳолисига нисбатан репрессив чоралар кўрилди. Собиқ шўролар ҳукумати ҳам маҳаллий халқларга қарши Р. лар олиб борди. Туркистон мухториятини бостириш, ер ислоҳотини ўтказиш, жамоалаштириш даврида минглаб одамлар қатағонга учради, мол-мулклари тортиб олинди, жуда кўп оилалар Украина, Шим. Кавказ, Сибирга сургун қилинди. Ўзбекистонда 1928, 1929, 1930-й. ларда катта сиёсий жараёнга айланган «Миллий иттиҳодчилар иши», «Бадриддиновчилар», «Қосимовчилар», «Маориф халқ комиссарлиги иши» каби Репрессиялар ўтказилди. Совет қукумати собиқ юстиция комиссарлигининг «Революцион трибунал» (1917 й. 19 дек.) инструкцияси, Халқ Комиссарлари Советининг «Кизил террор» (1918Й. 5 сент.), собиқ СССР МИҚ Президиумининг 1932 ва 1934 й. ларда қабул қилган ғайриинсоний қонунлари ва қарорлари ҳамда «СССР прокурорининг директиваси» (1935 й. 23 янв.) асосида миллионлаб кишилар ОГПУ коллегияси, махсус, «учлик», НКВД — МГБ — МВД нинг махсус кенгаши, ҳарбий суд томонидан гувоҳ, далил, исботсиз қамалди, отилди, сургун қилинди, қўшимча жазо мудцатини ўтамай ватанига кайтиб келишига рухсат берилмади. 1937—38 й. ларда жазога тортилган кишиларнинг мол-мулки мусодара қилинди, ҳатто норасида болалари ҳам турли туткингохларда сақланди. Шу йилларда амалга оширилган руҳонийлар, миллатчилар иши баҳонасида талайгина адабиёт, санъат, илмфан ва дин арбоблари Репрессия қилинди. Собиқ ҳукумат бу билан кифояланмай 20-а. нинг 40—50-й. ларида таслимчилик, антисоветчилик баҳонасида ўзбек зиёлиларига қарши навбатдаги Репрессияни қўллади. 80-й. ларда катта шовшув остида «Пахта иши» номи билан янги Репрессия бошланиб, минглаб бегуноҳ кишилар қатағонга учради.

Президент И. Каримов Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришиши арафасидаёқ шўро тузуми давом эттириб келаётган адолатсизликларга барҳам бериш, ҳақиқатни тиклаш, бегуноҳ қатағон қилинганларни оқлаш чораларини кўрди. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президентнинг Фармойиши (1999 й. 12 май)га мувофиқ мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш жамоатчилик комиссияси, Вазирлар Маҳкамасининг «Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори (1999 й. 22 июль) ва шу қарорга мувофиқ, «Шаҳидлар хотираси» хайрия жамғармасининг тузилиши ва Тошкентда «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуининг барпо этилиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида»ги фармони (2001 й. 1 май) ва унга биноан «Қатағон қурбонлари хотираси» музейини ташкил этиш тўғрисида»ги қарор (2001 й. 1 май) Репрессияга учраган халқимиз асл фарзандлари хотирасини тиклаш ишига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Ҳар йили Мустақиллик байрами арафаси — 31 августда Ўзбекистонда қатағон қурбонларини ёд этиш куни нишонланадиган бўлди.

Сирожиддин Аҳмедов.

Loading...