РЕСПУБЛИКА (лот. respublica, res — иш ва publicus — ижтимоий, умумхалқ) — давлат бошқаруви шакли, унда бар ча давлат ҳокимияти органлари сайлаб қўйилади ёки умуммиллий ваколатли муассасалар (парламентлар) томонидан шакллантирилади, фуқаролар эса шахсий ва сиёсий ҳуқуқларга эга бўладилар. Тарихан Республика антик даврда монархиянинг зидди сифатида вужудга келган (Мас, Афинадаги қулдорлик демократияси). Мил. ав. 5—4-а. ларда Спарта ва мил. ав. 2-а. да Рим давлати аристократлар қисми манфаатларини ифода этган. Ўрта аерларда Республика бошқарув шаклини қўллаган Венеция ва Генуя сингари шаҳардавлатлар бор эди.
Ҳоз. вақтда жаҳондаги 190 давлатдан 140 дан ортиғи Республика ҳисобланади. Бошқарувнинг Республика шакли қуйидаги турларга ажратилади:
1) президентлик Республикаси (АҚШ, Мексика ва б.), бунда президент умумхалқ сайловида сайланиб, бир вақтнинг ўзида давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғи ҳисобланади;
2) парламентар республика (Италия, ГФР, Венгрия ва б.), бунда парламент тўлиқ ҳокимиятга эга бўлиб, унинг олдида ҳукумат сиёсий жавобгар ҳисобланади. Парламент президентни сайлайди. Бунда президент фақат давлат бошлиғи бўлиб, ижро этувчи ҳокимият бошлиғи ҳисобланмайди;
3) аралаш типдаги республика (ярим президентлик; Франция, Португалия, Финляндия, Европадаги тоталитар тузумдан халос бўлган янги мамлакатларнинг аксарияти), бунда президентлик республикаси билан парламентар республика хусусиятлари қўшилиб кетади. Яъни президент умумхалқ сайловларида сайланиб, юридик ва реал кенг ваколатларга эга бўлади. Бироқ ҳукумат парламент томонидан ташкил этилади ва у нафакат президент олдида, балки парламент олдида ҳам сиёсий жавобгар бўлади. Бунда президент ҳукуматга умумий раҳбарлик қилади, лекин уни бош вазир бошқаради. Президент маълум ҳолатлар юз берганда парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси — суверен демократик республика бўлиб, мамлакатимизда президентлик Республикаси бошқарув шакли амал қилади (яна қ. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси).