РЕЦИДИВ

РЕЦИДИВ (лот. recidivus — қайталанувчи, такрорланувчи) (тиббиётда) — бирор касалликка учраган беморда мазкур касалликнинг кайталаниши. Ич терлама, паратифлар, вирусли гепатитларда кузатилади. Бемор ўзини енгилроқ ҳис қила бошлаган ва касаллик аломатлари йўқола бораётган даврда касаллик қайтадан авж ола бошлайди. Беморнинг умумий аҳволи ёмонлашади. Юқумли касалликларга нисбатан олинса, пасая бошлаган гавда ҳароратининг қайтадан кўтарилиши Рецидив бошланишининг даракчиси ҳисобланади. Одатда, Рецидив дастлабки касалликдан оғирроқ ўтади, чунки бемор бетобликдан сўнг ҳали кучқувватини тўла тикламаган бўлади. Рецидив аломатлари пайдо бўлиши билан врач бемор аҳволига мос келадиган режим тайин қилади ва қўшимча доридармон ва муолажалар буюради.