РЕВМАТОЛОГИЯ

РЕВМАТОЛОГИЯ (ревматизм ва …логия) — клиник тиббиёт бўлими. Ревматология ревматик касалликларни: бириктирувчи тўқималарнинг системали касалликлари (ревматизм, системали қизил волчанка, системали склеродермия, дерматомиозит ва тугунчали периартериит), артритлар (ревматоид ва б.), остеоартрозларни ўрганади. Ревматологик касалликлар 120 дан ортиқ нозологик шаклларни ўз ичига олади. Ревматология масалалари билан клиницистлар, морфологлар, иммунолог ва биокимёгарлар, физиологлар, радиологлар ва б. шуғулланади. Ревматология нефрология, кардиология, гематология, пульмонология ва тиббиётнинг бошқа бўлимлари билан чамбарчас боғлиқ.

Бўғимларнинг (ревматик) яллиғланишини дастлаб Гиппократ тавсифлади. «Ревматизм» терминини тиббиётга биринчи бор 2-а. да Гален киритди. 19-а. га келиб ревматизм ҳаракат органларининг бошқа касалликларидан ажратиб ўрганила бошланди. 19-а. нинг 30-й. ларида замонавий Ревматологиянинг асосчилари — француз олими Ж. Б. Буйо ва рус олими Г. И. Сокольский бўғимлар яллиғланиши б-н юрак зарарланиши ўртасидаги ўзаро боғликдикни аниқладилар (шунинг учун ревматизм БуйоСокольский касаллиги деб ҳам аталади). С. П. Боткин ревматизмнинг инфекцияга алоқадорлигини очиб берди.

Ўзбекистонда 30-й. лардан ревматизмга қарши даво чоралари кўрилйши муносабати билан Ревматология мустақил илмийамалий фан сифатида шаклланди. Бунда терапевт проф. лар М. И. Слоним, З. И. Умидова ва б. нинг. ҳиссаси катта. Ревматизм, бўғим ва бириктирувчи тўқима касалликлари муаммолари билан акад. Р. А. Каценович, И. А. Мирзоян, С. Н. Йўлдошева, Н. Р. Нуриддинов, Х. И. Янбаева, Т. С. Солиев ва б. шуғулланади. Ревматоидли артрит, боднииг тарқалиши, ривожланиши, клиник кечиши ўрганилди (Р. А. Қорабоева), ревматик касалликларда иммун ҳолат устида тадқиқот олиб борилди.

Кейинги йилларда йирик даволаш ва илмий муассасалар негизида ташкил этилган ихтисослаштирилган амбулатория даволаш курси марказларининг кенгайтирилиши ревматоидли артрит, шакл бузувчи остеоартроз, подагра, анкилозловчи спондилоартрит (Бехтерев касаллиги) каби касалликлар устида тадқиқот ишларини ривожлантиришга имкон берди.

Аҳоли ўртасида ревматизмнинг тарқалишини камайтириш, айниқса, болалар ва ўсмирларда юрактомир системасини зарарлайдиган ревматик касалликларнинг олдини олиш, беморларни ҳар томонлама текшириш, касалликни тез аниқлаш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ишини тобора яхшилаш, Ревматология марказларини кенгайтира бориш, даволаш усулларини такомиллаштириш Ревматологиянинг ҳозирги долзарб вазифаларига киради.

Тўхтасин Солиев.

Loading...