РЕЗИНА

РЕЗИНА, резинка [лот. resina — қатрон (смола)], вулкан изат — каучукни вулканизациялаб олинадиган, эластик деформацияланиши жуда юқори (1000% гача) бўлган маҳсулот. Вулканизацияланадиган Резина аралашмасининг асосий компонентлари: табиий ёки синтетик каучук, вулканизацияланувчи агентлар, вулканизация тезлаткичлари, вулканизация тезлаткичлари фаоллаштирувчилари, тўлдиргичлар, диспергаторлар, юмшаткичлар, эскиртмайдиган, чарчамайдиган моддалар, антиозонатлар, бўягичлар ва б.

Резина қуйидаги асосий гуруҳларга бўлинади:умумий мақсадларда ишлатиладиган Р. Бундай Резина (шина, оёқ кийими, пол қопламалари, транспортёр тасмалари, қайиш, қистирма, зичлагич, амортизатор, маиший буюмлар ва ҳ. к.) —50 дан +150 гача трада ишлатишга мўлжалланган; 150° дан юқори трада узоқ вақт ишлатишга (машина, электр двигатель, самолёт деталларига мўлжалланган) иссиққа чидамли Резина ; — 50° дан паст трада ишлатишга мўлжалланган совуққа чидамли Резина, бензин, керосин, нефть, мой, турли углеводородлар учун узок, вақт ишлатишга мўлжалланган (шланг, зичлагич, турли идишлар ва ҳ. к.) мойбензинга чидамли Резина ; турли емирувчи муҳитлар таъсирига чидамли Р. Бундай Резинадан ишланган буюмлар кислота, ишқор, тузлар, буғ, озон, эритувчилар, сув ва ҳ. к. учун мўлжалланади; газ тўлдирилган (ғовак) Резина радиация таъсирига чидамли Резина рентген аппарати деталлари, радиоактив изотоплар билан ишлайдиганларнинг ҳимоя кийимларини тайёрлашда қўлланади; диэлектрик Резинанинг диэлектриклиги кичик, электр қаршилиги катта, асосан, турли кабеллар тайёрлашда ишлатилади. Резинанинг хоссасини белгиловчи асосий материал каучукдир. Каучук Р. нинг 10—98% ини ташкил этади. 150—180° да ишлатиладиган буюмлар бутил каучукли ёки этилен сополимерли Резинадан тайёрланади. Бундай Резина озонга ва емирувчи муҳит таъсирига чидамлидир. Молекулалараро таъсирлашиш кучи кичик, молекуляр занжирчаси эгилувчан каучуклардан совуққа чидамли Резина ишланади. 300° ва ундан юқори трали ишларда элементорганик каучуклар (кремний органик ва алюминий органик) асосида тайёрланган Резина қўлланади. Минерал тўлдиргичли Резина яхши диэлектрик ҳисобланади. Каучукка ацетилен типидаги юқори структурали қурум қўшиб электр ўтказувчи Резина ҳосил қилиш мумкин. Нурдан сакловчи Резина олиш учун кўпинча фторли ва бутадиеннитрилли каучуклар ишлатилади.

Каучукларни вулканизациялаш мақсадида олтингугурт, органик пероксидлар (Мас, бензоил пероксид, дикумал пероксид), апкилфенолформальдегид ва эпоксид смолалари, диазобирикмалар, диаминлар ва б. бифункционал бирикмалар ишлатилади. Радиацион вулканизация хам қўлланмокда. Вулканизацияни тезлаштириш мақсадида Резина таркибига махсус тезлаткичлар ва уларнинг фаоллаштирувчилари қўшилади. Олтингугурт б-н вулканизациялашда тезлаткич сифатида сульфенамидлар, диокарбамидлар, тчурамдисульфид меркаптобензотиазол, дифенилгуанидин каби бирикмалардан фойдаланилади. Қурум, коллоид силикат кислота, бўр, каолин, металл оксидлари, силикатлар, баритлар Резина тўлдиргичлар сифатида кўплаб ишлатилади. Тўлдиргичлар Резинанинг бикирлигини оширади.

Дунё миқёсида ишлаб чикариладиган синтетик каучуклар ва улар асосидаги Резинанинг 50% дан ортиғи шина и. ч. га сарфланади. Резина кенг т-ра оралиғида эластиклиги, амортизация хусусияти, ишқаланишга чидамлилиги, сув ва газни кам ўтказиши ва б. хоссаларига кўра конструкцион материал сифатида турли соҳаларда кенг қўлланади.

Абдулаҳад Жалилов.

Loading...