РИВОЖЛАНИШ — табиат ва жамиятдаги қонуниятли ўзгариш; бир сифат ҳолатидан бошқасига, эскидан янгига ўтиш. Ривожланиш натижасида объектнинг — таркиби ёки структурасининг янги сифат ҳолати вужудга келади. Ривожланиш табиат, жамият ва билиш тарихини тушунтиришнинг умумий тамойилидир. Ривожланишнинг 2 шакли мавжуд: объектнинг секинаста содир бўлувчи миқдор ўзгаришлари билан боғлиқ эволюцион Ривожланиш ва объект тузилмасидаги сифат ўзгаришларидан иборатинқилобий Р. Эволюцион Ривожланиш жамиятда бир тизимнинг аста-секин, кескин портлашларсиз бир сифатий асосдан иккинчи сифатий асосга ўтишини, инқилобий Ривожланиш эса кескин портлаш йўли билан бир сифатий асосдан иккинчи сифатий асосга ўтишини билдиради. Эволюцион Ривожланиш жамиятнинг янги босқичга узлуксиз ва талафотларсиз ўтишига имкон беради. Бундай утишда муайян вақт зарур бўлади. Инқилобий Ривожланишда жамиятнинг эски асосий таянч нуқталари йўқ қилиниб, кескин сифатий ўзгаришлар амалга оширилади. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, янги жамиятга ўтишнинг эволюцион Ривожланиш йўлини танлади. Бу йўл жамият аъзоларининг манфаатларига зид келмайдиган, муайян вақтни талаб қиладиган ва пировардида самарали буладиган йўлдир. Ривожланишнинг прогрессив, тараққиёт тури (қ. Тараққиёт) билан регрессив, таназзул тури (қ. Инқироз) фарқланади.
Ҳоз. замон фанида Ривожланишнинг махсус илмий назарияси ишлаб чиқилмоқда, унда асосан, қайтарилувчи жараёнларни қараб чиқувчи классик табиатшуносликдан фарқ қилган ҳолда, ночизикли, сакрашсимон ўзгаришлар баён қилинади (яна қ. Миқдор ўзгаришларииинг сифат ўзгаришларига ўтиши қонуни, Қарамақаршиликлар бирлиги ва кураши қонуни, Инкорни инкор қонуни).
Бахтиёр Тўраев.