РИХТАГАРЛИК

РИХТАГАРЛИК (форс. тож. — қуймоқ) — рангли металл (асосан, мис, бронза, қалай) дан турли буюмлар қуйиш касби. Ҳунармандчиликнинг қад. турларидан. Қадимда бронзадан қуроллар, уй жиҳозлари, санъат ва диний маросимларга оид буюмлар қуйилганлиги маълум (Бобил, Миср, Рим, Хитой, Юнонистон). 13—14-а. ларда Византия, Венеция, Генуя, Флоренция ўзининг Рихтагарлик буюмлари билан шуҳрат қозонди. 14—15-а. ларда рус давлатида (Уралда) бронза ва чўяндан замбараклар, қўнғироқлар Рихтагарлик усулида қуйилган.

Археологик қазилмаларда ҳоз. Ўзбекистон ҳудудида мил. ав. 3минг йилликка доир бронза болта қуйиладиган тош қолип топилган. Мўғуллар истилоси Ўрта Осиёда Рихтагарликнинг ривожига салбий таъсир этди. 14-а. дан металл конларининг қайта ишга солиниши муносабати б-н Р. яна тараққий эта бошлади. 1399 й. Амир Темур буйруғи билан Абдулазиз ибн Шарафиддин томонидан Аҳмад Яссавий мақбараси учун бронзадан қуйилган «назирниёз қозони» ҳажми, қуйилиш услуби ва безаги жиҳатидан ноёб ҳисобланади.

16 — 18-а. ларда Ўрта Осиёда кўпроқ уруш қуроллари қуйилган. Ўзбекистон халқлари тарихи музеиида шу даврларга оид мис ва бронзадан қуйилган замбараклардан намуналар сақланган. 19-а. охирларигача Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва б. йирик шаҳарларда, асосан. уйрўзғор буюмлари қуйиш кенг ўрин эгаллади. Кейинчалик саноат ривожланиши муносабати билан Рихтагарликга унча эҳтиёж қолмади. Қуйма металл буюмлар тайёрловчи уста рихтагар (қуймачи) деб аталади (қ. Ҳунармандчилик).

Loading...