РОКОКО

РОКОКО (франц. rococo) , рокайль — 18-а. 1-ярмида Европа нафис санъатида юзага келган услуб (безаклари чиғаноққа ўхшатиб гажаксимон ишланади). Дастлаб Францияда пайдо бўлган, кейинчалик Германия, Австрия ва б. мамлакатларга тарқалган. 30—40-й. ларда Рококо энг гуллаган даврини бошидан кечирган. Абсолютизм инқирози даврида киборларга хос бўлган хусусиятлар, яъни реал ҳаётдан қочиб, сохта театрлаштирилган ҳаёт тарзига интилиш ва б. ни ўзида акс эттирган. Меъморликда безакка таъсир этиб, жимжимадорликка эътибор кучайди: нозик ҳошияларга олинган ўйма ва бўртма нақшлар, ўрама, картуш, рокайль ва б. кенг қўлланилди; биноларда симметрия ўрнини асимметрия, тартибсизлик эгаллай бошлади. Бинолар ташқи кўриниши жиддий ва сипо ишлангани ҳолда хоналарни безашга эътибор ортди, бино, унинг хоналари учун олинган нисбатлар ҳам енгил ва нафисликка эга бўла бошлади, хонанинг ички қисми енгил «пастель» рангида ишланган нақшлар, афсоналардан олинган кичик суратлар б-н безатилди, хоналарнинг бурчаклари йўқ қилиниб овал шаклига эга бўла бошлади. Ички безакларда кўзгуларнинг безак имкониятлари ҳам ҳисобга олинди, мебеллар ҳам хона ва унинг безагига мослаб танланди (меъморлар Ж. М. Оппенер, Ж. О. Мейсонье, Ж. Бофран ва б.).

Рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик Р. асарлари ўта нафис, нозик саҳналар бир оз ўйноқи ва жимжимадорлиги билан ажралиб туради. Безак ва дастгоҳ санъатида намоён бўлган девор, плафон, эшик тепасига ишланган тасвирлар, гобеленлар кўнгил очишга мўлжалланган мавзулар билан тўлдирилди; одам крмати безак бўлагига айлана борди; композиция қурилиши енгиллик, майинлик хислатини ифодалашга бўйсундирилди. Расмлар мавзуси ҳам бирмунча чекланган бўлиб, ишқ-муҳаббат, киборларнинг кўнгил очиши ва дам олиши, пасторал мавзуда (табиат қўйнида эркин, фароғатда яшаётган чўпон йигит ва қизлар ҳаётига бағишланган) асарлар яратилди, портретлар чизилди (рассомлар Ф. Буше, А. Ватто, Н. Ланкре, Ж. Фрагонар ва б.). Ҳайкалтарошликда рельефлар, бинолар интерьерини безайдиган ҳайкаллар (ҳайкалча, бюст, терракотадан ясалган нақшланган ёки сирланмаган чиннилар) кенг ўрин эгаллади. Нозик ранглар жилосига бой Рококо рангтасвири ҳам безак хусусиятига эга эди. Амалий санъат усталари хом ашёнинг ифода имкониятларини нозик очиб бера олди.

18-а. ўрталаридан Рококо услуби композицияларининг ҳаддан ортиқ мураккаблиги, жимжимадорлиги танқидга учрай бошлади. Рококо ўрнини классицизм эгаллай бошлади.

Prev Article

РОК МУСИҚА

Next Article

РОКОПЕРА