РОМАН (франц. roman) — насрий асар жанри; муайян шахс ёки бир неча шахснинг шаклланиш ва камол топиш жараёни бадиий макон ва замонда тасвирланган асар. Роман ўрта асрларда роман тилларица ёзилган ҳар қандай асарни j, англатган. Романда шахс ва жамият ҳаёти бир-бирини инкор этмайдиган маълум маънода мустақил олам сифатида таҳлил ва талқин этилади. Худди шу нарса Роман жанри мундарижасининг узига хослигини белгилаб беради. Муайян шахс такдирининг оилавиймаиший, миллий, ижтимоий, маданий ва тарихий муҳит б-н узаро узвий алоқада тасвирланиши Роман жанрининг кулами ва ғоявийбадиий қимматини намойиш этади. Роман жанри марказида бош қаҳрамон образи туради. Бу бош қаҳрамон тақдири унинг жамиятда тутган мавкеи билан ҳар доим ҳам муштарак булавермайди. Аксинча, инсон уз такдирига нисбатан катта ёки инсоний фазилатларига кўра кичик бўлиши мумкин. Бинобарин, у билан унинг такдири ёки жамиятдаги мавқеи ўртасида муайян зиддият бўлади ва худди шу зиддият Роман жанрининг мундарижасини — сюжет чизикларини ҳаракатлантириб туради. Бош қаҳрамоннинг шахс сифатидаги фазилатлари ана шу жараёнда, бошқа қаҳрамонлар билан муносабатида, курашида очилади. Бу муносабатларнинг кескинлиги ва бош қаҳрамон учун фожиали хотима билан тугаши ёки уларнинг енгил ва ҳажвий оқимда кечиши Романнинг эпик жанр сифатидаги узига хос хусусиятларини белгилаб беради. Ҳар иккала ҳолатда ҳам бош қаҳрамон билан жамият, муҳит ёки урфодат ўртасидаги зиддият ва кураш ўзида даврнинг ижтимоий ҳамда маънавийахлоқий муаммоларини қанчалик ёрқин ифодаласа, Романнинг бадиий қиммати ва ижтимоий аҳамияти шунчалик катта бўлади. Роман ўз тарихининг дастлабки даврида мавжуд адабий жанрларга пародия сифатида майдонга келган. Кейинчалик Роман нависларнинг муайян услубий тузилма ва тасвирий воситалар тизимини сийқалаштиришга қаратилган уринишлари ҳам пародия қилинган. Бу ҳол Р. нинг аввалбошданоқ муайян адабий шаклларни қонунлаштиришни хуш кўрмайдиган ва ёзувчи қаршисида бадиий тасвирнинг барча имкониятларини очадиган жанр бўлганидан шаҳодат беради.
Мавзу, ҳажм, сюжетнинг мураккаблик даражаси, композицион тузилиш ва тасвир усулларида муайян фарқ бўлишига қарамай, Роман жанрида баъзи бир бадиият унсурларининг (интрига, конфликт, ечим каби) бўлиши талаб этилади. Шу билан бирга Роман навислар бу унсурларга, шунингдек, бадиий тасвирнинг бошқа шакл ва воситаларига эркин муносабатда бўлишлари мумкин. Романлар ўз тарихининг дастлабки даврида тузилишига кўра 2 гуруҳга — «очиқ» ва «ёпиқ» Р. ларга ажралган. «Очиқ» тузилмали Романнинг ёрқин намунаси М. Сервантеснинг «Дон Кихот» и бўлиб, унда жамият ҳаётининг хилмахил томонлари билан бирга бош қахрамон иштироки характерининг тадрижий ўсиши хам муфассал тасвирланган, бош қаҳрамон иштирок этган воқеа ва ҳодисаларга эса кўплаб персонажлар жалб этилган. «Ёпиқ» тузилмали Роман ларнинг дастлабки намуналаридан бири М. М. де Лафайетнинг «Малика Клевская» асаридир. Бу асарда ёзувчи эътибори фақат бир қахрамон ҳаёти, бир конфликт ва бир вазият тасвирига қаратилган. Кейинчалик, Роман жанри ички шохобчаларга бўлинган пайтда психологик Роман жанри ана шу «ёпиқ» Р. дан ўсиб чиққан.
Роман антик адабиётда пайдо бўлганида, ёзувчилар кўпинча маиший мавзудаги мифларнинг анъанавий сюжетларидан фойдаланиб, уларга эмоционал олам манзараларини олиб кирганлар. Каҳрамонларнинг ички олами тасвири бу асарларда воқеабандликнинг соясида қолган. Аммо Лонгнинг «Дафнис ва Хлоя» ишқийбуколика Роман ида қахрамонларнинг саргузаштларига қараганда уларнинг ҳистуйғулари тасвирига шу қадар катта ўрин берилганки, натижада бу асар узоқ даврлар мобайнида психологик Романнинг мумтоз намунаси ҳисобланиб келган.
Роман жанри ана шу тарзда даврмадавр бойиб, бадиий тузилмаси ўзгариб борди. Ўрта асрларда романтик тасвир усулининг етакчилик қилиши натижасида рицар Роман лари («Тристан ва Изольда ривояти»), Уйғониш даврида кичик ҳикоялардан иборат Романлар (Ж. Боккаччонинг «Декамерон»и), романлашган қисса (М. Боярдо, Л. Ариосто, Т. Тассо) ва драмалар (В. Шекспир) майдонга келди. Ана шу тарзда Роман табиатида кечаётган ўзгаришлар инсонпарварлик ғоялари устуворлик қилган Маърифатпарварлик даврида муайян даражада ўз якунига эришди. А. Ф. Превонпнг «Манон Леско» Р. и билан адабиётга «ўрта» характер деб юритилган қаҳрамонлар образи кириб келди ва шу давр Р. ларида руҳият тасвири кенг ўрин эгаллади.
19-а. дан бошлаб жаҳон адабиётида реалистик Роман жанри шакллана бошлади. Г. Стендаль, О. Бальзак, Г. Флобер ва б. ёзувчиларнинг бадиий изланишлари билан Роман жанрининг сюжет доираси кенгайди, кўп планлилик, эпик кулам ва сюжетнинг шиддатли ҳаракати жанрнинг муҳим шартлари сифатида қабул қилинди. 19-а. нинг сўнгги чорагида натурализмнинг авж олиши натижасида Роман табиатида турғунлик, ҳатто таназзул ҳолати кўзга ташланди. Аммо 19-а. охири — 20-а. бошларида Ж. Голсуорси, Г. Манн, Т. Манн ва Ж. Лондон реалистик асарларининг яратилиши билан Роман жанри ўз тараққиётининг янги босқичига эришди. Рус адабиётида «Евгений Онегин» (А. С. Пушкин) шеърий романининг яратилиши рус Роман навислигининг шаклланишига мухим туртки берди. Н. В. Гоголь, И. В. Тургенев, Л. Н. Толстой, Ф. М. Достоевский Р. ларининг майдонга келиши билан реалистик рус Роман навислик мактаби вужудга келди.
Ўзбек адабиётида Роман жанрининг пайдо бўлишига Навоий «Хамса»сини ташкил этган «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» сингари достонлар, халқ китоблари ва достонлари муҳим манба бўлиб хизмат қилди. Миллий уйғониш адабиёти намояндалари дастлабки ўзбек Роман ларини яратишга киришганларида мазкур миллий адабий тажриба ва анъаналардан самарали фойдаландилар. Ҳамзанинг «Янги саодат ёхуд Миллий роман»и (1914), Мирмуҳсин Шермуҳамедовнинг «Бефарзанд Очилдибой» (1915) асарлари дастлабки ўзбек Роман ларини яратиш йўлидаги изланишлар эди. Кодирийнинг «Ўтган кунлар» (1926) асарининг яратилиши билан ўзбек реалистик Романи вужудга келди. Қодирий бу асари билан миллий ўзбек Роман навислик мактабига асос солди. Айни пайтда бу асар катта бадиий полотноларни яратишга қодир янги ўзбек адабий тилининг шаклланганини ҳам намойиш этди. Кейинчалик Кодирий «Меҳробдан чаён» (1928), Айний «Қуллар» (1934), Чўлпон «Кеча ва кундуз», Абдулла Қаҳҳор «Сароб» (1935), Ойбек «Кутлуғ қон» (1939) ва «Навоий» (1944) асарлари билан ўзбек Роман навислик мактабининг юксалишига катта ҳисса қўшдилар. Устоз адибларнинг ижодий изланишлари туфайли шаклланган ўзбек Роман навислик мактаби кейинчалик А. Мухтор, Шуҳрат, Мирмуҳсин, Ҳ. Ғулом, Ш. Рашидов, С. Аҳмад, Шукрулло, М. Исмоилий, О. Ёқубов, П. Қодиров, Ў. Ҳошимов, Т. Малик, О. Мухтор ва б. ёзувчиларнинг турли мавзуда ёзган асарлари билан бойиди. Ўзбек Роман навислигида Роман жанрининг турли куринишлари (тарихий, тарихийбиографик, тарихийинқилобий, публицистик, ҳарбий, саргузашт, фантастик Романлар, шунингдек, Роман хроника, Роман новелла, Роман мунозара) ва шакллари (дилогия, трилогия) пайдо булди.
Совет даврида яратилган айрим Роман ларда шу даврнинг ўткинчи ғоялари олға сурилган ва воқелик социалистик реализм талаблари асосида буяб, хаспушлаб кўрсатилган. Шунга қарамай, ўзбек Романи худди шу даврда миллий адабиётнинг етакчи жанрларидан бири сифатида пайдо булиб, узининг юксак намуналарини берди.
Мустақиллик йилларида Ў. Ҳошимов, Ш. Холмирзаев, Т. Малик, Ҳ. Шайхов, О. Мухтор, Муҳаммад Али, У. Назаров, Тоғай Мурод ва б. ёзувчилар ўзбек Роман навислигини ўзларининг турли мавзу ва жанр кўринишларидаги асарлари билан бойитмокдалар.
Ад.: Кожинов В. В., Происхождение романа, М., 1963; Днепров В., Черты романа XX века, М., 1965; Мирвалиев С, Ўзбек романи, Т., 1969; Бахтин М., Эпос и роман, М., 1970; Судьбы романа, М., 1975; Пардае ва 3., Ўзбек романи поэтикаси, Т., 2003.
Наим Каримов.