РЎЗА

РЎЗА (форс.) — исломдаги 5 та рукн (мажбурият)дан бири. Рўза тутиш вақти тонг ёришмасдан аввал бошланиб, кун ботишига қадар давом этади. Бу вақтда ейиш, ичиш, жинсий яқинлик қилиш, номаъқул ишлардан тийилиш зарур. Қуръонда Аллоҳ Муҳаммад (сав)га Қуръонни рамазон ойида ваҳий қилиб юборгани, ҳар йили шу ойда Рўза тутиш фарзлиги кайд этилган (2:183—187). Исломга кўра, рамазон ойида Рўза тутиш балоғат ёшига етган, соғлом мусулмонларга фарз килинган. Ҳомиладор, эмизикли аёллар, сафарда юрганлар, оғир беморлар, қийин шароитларда ишловчилар Рўза тутишдан озод этилган, уни имконият туғилганда адо этишларига рухсат берилган. Рўзага тоқати етмайдиган кексалар, сурункали беморлар Рўза ўрнига фидя садақаси бериши (бир мискинни бир марта тўйдириши) мумкин. Агар бунга қодир бўлмаса, Аллоҳга истиғфор айтади ва дуо қилади. Ҳар бир Рўза дор кишига рамазон ойи давомида фақиру мискинларга хайру эҳсон қилиш, барча ёмон хулқ ва феълу атворлардан, сўкиниш, қарғаш каби одатлардан сақланиб юриш шарт ҳисобланади. Рўза ҳижранинг 2йили фарз килинган, деб саналади. Мусулмонлар Ой тақвимига риоя этганлари учун Рўза йилнинг турли вақтларига тўғри келади. Шунингдек, бошқа вақтларда ҳам, чунончи, ражаб, шаъбон ва муҳаррам ойларида Рўза тутиш (Мас, ашуро Р. си) маъқул ҳисобланади. Улар турли хил муддат давом этади. Рўза тутиш одати қад. динлар ва халқларда ҳам турли шаклларда мавжуд бўлган.

Loading...