РОЗИЙ

РОЗИЙ (тўлиқ номи Абу Бакр Муҳаммад ибн Закариё арРозий) (865.28.8 — Рай — 925.26.10) — шарқнинг қомусий олими, табиб ва мутафаккир. Ўрта аср Европасида лотинча Разес номи б-н танилиб, табобат соҳасида ўз даврининг Жолинус (Гален)и деб саналган. Шунингдек, кимё, ботаника, мат., астрономия, мантиқ ва фалсафа каби фанларни чуқур ўрганган; адабиёт ва мусиқа билан ҳам шуғулланган. Розий бир қанча вақт Рай ва Бағдод шифохоналарини бошқарган. У Ўрта Осиё, жумладан, Бухоро илм ахллари билан илмий мулоқотда бўлган. Кўз касаллигига учраб, умрининг охирида кўр бўлиб қолган.

Розийнинг табобатга оид асарларидан 36 таси бизгача етиб келган. У терапия, хирургия, диагностика, санитария-гигиена, фармакогнозия, фармакология, анатомия, психология каби илмларни янги ғоя ва ихтиролар билан бойитган. Табобат б-н боғлиқ бўлган ботаника, минералогия ва кимё фан и соҳасида қам анча муваффақиятларга эришган. Розийнинг энг муҳим асарларидан бири «Китоб алҳовий фиттиб» («Тиббиётга оид билимлар мажмуаси») номли тўпламидир. Унда антик даврдан то Розий замонасигача бўлган назарий ва амалий маълумотлар берилган (асарнинг айрим қисмлари Россия ФА шарқшунослик ин-ти Санкт-Петербург қўлёзмалар фондида, Мюнхен, Лондон, Оксфорд, Кембриж, Эскуриал (Испания), Истанбул ва Теҳрон кутубхоналарида сақланмокда). Розийнинг табобатга оид яна бир йирик асари — «ал-Куннош алМансурий» («Мансурга бағишланган тўплам») дир. Бу ҳам жуда кўп назарий ва амалий масалаларни ўз ичига олган (қўлёзма нусхалари Россия ФА шарқшунослик интининг Санкт-Петербург фондида, шунингдек, Париж ва Теҳрон кутубхоналарида сақланмокда). Асар 16-а. гача Шарқ табиблари ва Европа шифокорларининг асосий қўлланмаларидан бири бўлиб, унга кўп шархлар ёзилган. Розий «Китоб алжударий валҳасба» («Чечак ва қизамиқ ҳақида китоб») асарида тиббиёт тарихида биринчи бўлиб, чечак ва қизамиқ касалликларининг бошқа юқумли касалликлардан фарқи ва таьрифи берилган; Р. чечак билан бир марта касал бўлган киши иккинчи марта бу касалликка дучор бўлмаслигини аниқлаган ва чечакка қарши эмлаш керак деган фикрга келиб, уни амалга оширган. Розий ўз даври табобатини диагностика ва даволашнинг янги усуллари билан бойитди; жаррохликда биринчи бўлиб кетгут (қўй ичагидан тайёрланган ип) ишлатди.

Розий машҳур кимёгар бўлиб, кимё фанига оид 26 та асар ёзган, бирок, бизгача уларнинг 4 тасигина етиб келган. Булар орасида «Китоб уласрор» («Сирлар китоби») ва «Китоб сирр иласрор» («Сирлар сири китоби») асарлари алоҳида ўрин тутади; «Китоб уласрор»да ўрта аср Шарқ кимёси ўзининг тўла ифодасини топган. Розийнинг бу асарлари унинг назарий жиҳатдан бир металлни иккинчи металлга кимёвий йўл билан айлантириш мумкинлигига ишонганини кўрсатади (қ. Алкимё). Гарчи амалий жиҳатдан унинг назарияси утопик бўлсада, олтин ва кумуш ҳосил қилиш йўлидаги уринишлари туфайли Розий қозирги кимёни бир қанча янги моддалар, асбоблар ва кимёвий амаллар б-н бойитди.

Розийнинг тиббиёт ва кимё соҳаларига оид асарлари ўрта асрларда Шарқ ва Ғарбда шу соҳаларнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатган.

Фалсафийижтимоий қарашлари. Розий ўртаасрЯқин ваЎрта Шарқ халқдари фалсафасида мавжуд бўлган таълимотларнинг бирортасига боғлиқ бўлмаган ҳолда борлиқ ва унинг моҳияти ҳақида ўз мустақил таълимотини яратди. Унингча, борлиқ — ягона бир-бирига бўйсунмаган 5 мустақил бошланғич моҳият (яратувчи, жон, вақт, макон, материя)дан вужудга келган. Буларнинг ҳар бири борлиқнинг вужудга келиши ва мавжуд бўлиб қолишида «зарўрий вужуд»лардир. Розий материя, макон, замонни яратувчи ва жон б-н бир хил зарурий моҳият деб ҳисоблаб, моддийликни илоҳийликка, илоҳийликни моддийликка бўйсундирмади. У ўз даврининг йирик табиатшуноси сифатида моддий олам ҳодисалари ва жараёнларини материя ва унинг хусусиятлари билан изохдашга ҳаракат қилди, ўз натурфалсафий қарашларида маълум даражада илмий нуқтаи назарга яқинлашди. Ўрта аср фалсафаси учун эришган энг катта ютуқларидан бири — Р. нинг нарсалар моддий атом зарралардан тузилгани ҳақидаги таълимотидир. У Демокрит ва Эпикур атомистик таълимотини урта асрларда биринчи марта қайта тиклади. Унингча, материя дастлаб «бўлинмас зарралар (атом) ҳолатида бўлади», улар «оғирлик ва танага эга», «моддий зарраларнинг бўшлиқ зарралари билан қўшилиши» натижасида 4 унсур: тупроқ, сув, хаво ва олов пайдо бўлади. Атомларнинг моддийлиги, абадийлиги ва объективлиги туфайли улардан вужудга келган моддий олам ҳам объектив ва абадийдир. Розий зарраларнинг ўз-ўзидан ҳаракати масаласини тушунмади ва муайян нарсаларнинг вужудга келиш жараёни асосида материя ётса ҳам, бу жараён жоннинг материяга интилиши ва у билан бирикиши туфайли юз бериши ҳақидаги дуалистик нуқтаи назарда туради.

Розий макон ва замонни ҳам субстанция деб тушунади, бу билан уларни материядан ва бир-биридан ажратади. Розийнинг бундан мақсади уларнинг объективлигини таъкидлашдир. Розий билиш назариясида моддий олам ҳодисаларининг инсон сезги аъзоларига таъсир этиб унда акс этиши, ташқи олам билиш объекта, инсон эса билиш субъекти эканини таъкидлайди: «Сезги — сезилувчи нарсаларнинг сезувчига таъсири». Р. билишнинг энг кучли қуроли сифатида аклга юқори баҳо беради. Унингча, инсоннинг ижодий фаолияти факат ақл туфайлидир. «Акл бизни олижанобликка етаклайди, ҳаётимизни гўзаллаштиради, мақсадларимизга етказади». Р. нинг ахлоққа оид 3 асари «Китоб тибб арруҳоний» («Руҳий табобат»), «Китоб сийрат алфалсафийа» («Фалсафий ҳаёт тарзи»), «Мақола фи аморот илиқбол ваддавла» («Давлатмандлик ва бахтиқбол ҳақида») бизгача етиб келган. Р. Суқротни ахлоқ соҳасида ўзининг ва барча файласуфларнинг устози деб ҳисоблайди. Розий рационал (ақлий) гедонизм тарафдори бўлиб, дунё нознеъматларидан ақлга мувофиқ ва меъёр билан лаззатланишни ёқлайди. Ўрта аср манбаларида Розий диннинг айрим ақида ва тамойилларига салбий муносабатда бўлгани ҳамда пайғамбарлик ҳақида ақидага зид бўлган асар ёзгани таъкидланади. Лекин, унинг табиийилмий мероси ва фалсафий қарашлари Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари маънавий меросида муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Розийнинг илмий меросини биринчи марта ўрганган олим Абу Райҳон Берунийдир. Беруний Р. нинг таржимаи ҳоли, дунёқараши ва асарларини тадқиқ этиб, «Феҳрист кугуб Муҳаммад ибн Закариё арРозий» («Муҳаммад ибн Закариё арРозий китобларининг рўйхати») асарини ёзган. Розийнинг асосий асарлари ўрта асрлардаёқ Ғарбий Европада машхур бўлган, баъзилари лотин ва б. Европа тилларига таржима қилиниб, кенг ўрганилган. Кейинги давр олимларининг, жумладан, ўзбекистонлик олимларнинг тадқиқотларида Розий асарларининг илмий жамоатчиликка маълум бўлмаган қўлёзма нусхалари ва уларнинг таржималари аниқланмоқда, айрим асарлари нашр этилмоқда.

Ад.: Каримов У. И., Неизвестное сочинение арРази «Книга тайны тайн», Т., 1957; Кадыров А. А., Саипов У. Т., Абу Бакр Рази, Т., 1963; Усманов М. А., Закарийя арРази, в книге «Из философского наследия народов Востока», Т., 1972; Абу Бакр Розий ва унинг шогирди ёзиб қолдирган касалликлар тарихи, Т., 1974; Каримов С. У., IX—XI асрларда кимё ва доришунослик фанлари тараққиётида Марказий Осиё олимларининг ўрни, Т., 2002.

Сурайё Каримова, Миржалол Усмонов.

Prev Article

РОЗА

Next Article

РОЙ