РУДА

РУДА — таркибида металл ёки унинг бирикмалари кўп миқдорда бўлган табиий минерал ҳосилалар. Баъзан нометалл минерал хом ашёлар (асбест, барит, графит, олтингугурт) ҳам Руда деб юритилади. Руда табиий бой ва камбағал турларга ажратилади, шунга қараб уни бойитиш зарурлиги белгиланади. Руда бир фойдали минералли — мономинерал ёки кўп фойдали минералли — полиминерал, жумладан, таркибида саноат аҳамиятига эга бўлмаган (яъни кам миқдорли) минераллар ҳам бўлади. Таркибида фойдали йўлдош минераллар (компонентлар) бўлганлари комплекс Рудалар деб юритилади. Руданинг таркибида бўлган минераллар миқдорига қараб силикатли, оксидли, сульфидли, карбонатли ва аралаш турлари фарқ қилинади. Барча туб чўкинди, магматик ва метаморфик тог жинслари таркибида бўлган Рудалар туб Рудалар дейилади; даре, кўл, денгиз ва океан чўкиндиларидан олинадиганлари сочма Руда деб юритилади. Қазиб олиш ва қайта ишлаш учун Руда ларнинг қатор хоссалари аҳамиятга эга: каттиклиги, дарзлилиги, ҳажмий оғирлиги, эриш ҳарорати, магнит ва электромагнитлиги, электр ўтказувчанлиги, радиоактивлиги, эриш ва сорбцион хусусиятлари, гранулометрик таркиби ва б. Бир жойда жойлашиб, атрофлари эса бошқа тоғ жинсларидан иборат уюм Руда танаси (жисм) деб аталади ва у турли (япалоқ, штокверк, томирсимон) шаклларга эга. Яқин жойлашган бир нечта Руда таналари Руда майдони ёки конини ҳосил қилади, Руда кони битта Руда танасидан иборат бўлиши ҳам мумкин. Руда конлари қора (темир, марганец, хром, титан, ванадий), рангли (мис, қўргошин, рух, никель, сурма), енгил (алюминий), ноёб (қалай, вольфрам, молибден, симоб, бериллий, литий, тантал, ниобий), асл (олтин, платина, кумуш), радиоактив (уран, торий, радий), тарқоқ (актиний, гафний, галлий, германий, индий, кадмий, протактиний, рений, рубидий, селен, скандий, таллий, теллур, цезий ва б.) ва нодир металлар конларига ажратилади.

Бир нечта Руда конлари катта масофага чўзилиб жойлашганда рудали минтақа деб номланади. Мас, Американинг Буюк кумушли минтакаси Мексикадан Перу ва Боливиягача давом этган, Марказий Африканинг мисли минтакаси Замбия ва Конго Демократик Республикасида 450 км масофага чўзилиб, 150 дан ортиқ мис конларини қамраб олган; Жан. Американинг мисли минтақаси 4 минг км га чўзилиб, Колумбия, Эквадор, Перу, Аргентина, Чили мамлакатларида жойлашган Руда конларидан иборат. Географик ва геологик жиҳатдан алоҳида ажралиб турган якка ёки бир неча Руда ли формацияларга эга бўлган минтақа Руда ли район деб аталади (Мас, Фаргона сурмасимоб рни, АнгренОлмалиқ рни, Кизилқум олтин Р. ли райони).

Loading...