РУС-ТУЗЕМ МАКТАБЛАРИ

РУС-ТУЗЕМ МАКТАБЛАРИ (рус. туземец — маҳаллий аҳоли) — Туркистонда Окт. тўнтаришига қадар маҳаллий аҳоли болалари учун очилган бошланғич рус мактаблари. Уни очишдан асосий мақсад ўлкани руслаштириш эди. Туркистон генералгубернатори К. П. фон Кауфман «мусулмон ва рус мактабларининг ажралиб туриши»ни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан зарарли деб ҳисоблади. Бу ғояни Кауфманнинг издоши генераллейтенант Н. О. Розенбах давом эттириб, ибтидоий турдаги янги мактаблар — Р. т. м. тармоғини яратиш лойиҳасини ишлаб чиқди. Биринчи рустузем мактаби 1884 й. 19 дек. да Тошкентда очилган. Унда 41 бола ўқиган. 1891 й. Хивада, 1894 й. Бухорода ҳам очилган. Уларнинг сони 19-а. охирида 100 дан ошган. Рус-тузем мактабларида таълим муддати 4 й. бўлган. Рус-тузем мактаблари русча ва маҳаллий синфларга бўлинган. Рус тили, ўқиш, ёзиш, ҳисоб, геом., тарих, бошланғич ўзбек тили, араб тили ва ислом дини асослари ўқитилган. Рус тили, ҳисоб, ёзув, геом., тарих дарсларини рус ўқитувчиси, ўзбек тили, араб тили, ислом дини асосларини ўзбек муаллими ўқитган. Саидрасул Саидазизовнинг «Устоди аввал» (1902), Алиасқар Калининнинг «Муаллими соний» (1903), С. М. Граменицкийнинг 3 қисмдан иборат ўқиш китоблари Рус-тузем мактаблари ўқувчиларининг асосий дарсликлари бўлган. Айрим Рус-тузем мактаблари қошида катталар учун (рус грамматикаси асосини ўргатиш мақсадида) кечки мактаблар, кўчманчи аҳоли учун эса интернатлар ташкил килинган. Кейинчалик 2 й. лик ва аёллар учун ҳам Рус-тузем мактаблари очилган. Рус-тузем мактаблари маҳаллий аҳолининг бир қисмига ўша давр учун илғор бўлган маданият ютуқларидан бахраманд бўлиш имконини яратган.

Loading...