РУССО (Rousseam) Жан Жак (1712.28.6, Женева — 1778.2.7, Эрменонвиль, Париж яқинида) — француз файласуфмаърифатпарвари, ёзувчиси, композитори. Француз сентиментаяизмининг йирик вакили. Малай, хаттот, мураббий, мусиқа ўқитувчиси ва б. ишларда ишлаган. Парижда Д. Дидро раҳбарлигида тайёрланган энциклопедияга мусиқага оид мақолалар ёзган. 1741 й. гача Швейцарияда яшаган, кейин Парижга кетган 1762 й. «Эмиль, яъни Тарбия тўғрисида» номли педагогик романи ва «Ижтимоий шартнома тўғрисида» сиёсий рисоласи чоп этилгач, диндорлар томонидан тақибга олинган Р. Францияни тарк этган. 1770 й. у яна Парижга қайтиб келиб ноталарни кўчириш билан шуғулланган. «Фанлар ва санъатлар ҳақида мулоҳазалар» (1750) асарида тенгсизлик ва зулмга асосланган ўз давридаги тамаддунни танқид қилиб, унинг ўрнига «табиий ҳолат»ни қўйган. Унинг ғоялари кейинчалик «Одамлар орасида тенгсизликнинг келиб чиқиши ва асослари ҳақида мулоҳаза» (1755) асарида ўз ифодасини топган. «Ижтимоий шартнома тўғрисида» рисоласида (1762) идеал жамият манзарасини тасвирлаган. Руссо инглиз парламентаризмини қоралаб, халқ суверенитетини, халқ ҳокимиятини ҳимоя қилган. Пед. масалаларига бағишланган «Эмиль, яъни Тарбия ҳақида» (1762) асарида схоластик таълим ва тарбия усулларини танқид қилган, мактабнинг энг биринчи вазифаси ҳақиқий инсон ва фуқарони тарбиялашдир деб уқтирган. Болаларда мустақил фикрлаш тарафдори бўлган. Руссонинг асарлари («Ҳарбий асирлар», 1743; «Юлия, яъни Янги Элоиза», 1761; «Иқрор», 1766—69; «Ёлғиз хаёлпарастнинг сайри», 1777—78 ва б.) Европа адабиётида психологизмнинг вужудга келишига сабаб бўлган. Шеърлар, достонлар, опералар («Кишлоқлик жодугар», 1752— 53) ёзган, бир пардали лирик саҳна асари «Пигмалион» — мелодраманинг илк намунаси ҳисобланади. Руссо ғоялари кўпгина мамлакатлар ижтимоий тафаккурига ва адабиётига таъсир кўрсатган.