СААМ ТИЛИ

СААМ ТИЛИ — фин-угор тилларидан бири, болтиқбўйи тилларига яқин туради. Норвегия, Швеция, Финляндия мамлакатларининг шим. қисмида, РФ нинг Кола ярим оролида тарқалган. Саам тилида 50 мингдан ортиқ киши сўзлашади. Саам тилининг 2 лаҳжаси бор: ғарбий (Норвегия ва Швецияда, Финляндиянинг бир қисмида) ва шарқий (Финляндиянинг бир қисмида ва Кола ярим оролида). Мазкур мамлакатларнинг ҳар бирида Саам тилининг ўзига хос адабий шакллари мавжуд.

Саам тилида унли ва ундошлар бир неча даражадаги чўзиқликка эга, ундош фонемалар сони анчагина, урғу сўзларнинг биринчи бўғинига тушади. Кўпчилик шеваларида иккилик соннинг бўлиши Саам тилининг ўзига хос морфологик хусусиятидир. Отлар 8 келишик бўйича турланади.

Ст. Норвегия, Швеция ва Финляндияда 17-а. дан бери лотин графикаси асосидаги ёзувга эга, бошлангич мактабларда Саам тили ўқитилади. Кола ярим ороли саамлари 1930—37 й. ларда лотин графикаси асосидаги ёзувдан фойдаланганлар; ўтган асрнинг 80й. ларида рус графикаси асосидаги ёзув кайта тикланиб, мактаблар учун алифбе ва луғатлар нашр этилган.

Loading...