САБЪАИ САЙЁР

«САБЪАИ САЙЁР» («Етти сайёра») — «Хамса» (Алишер Навоий)нинг тўртинчи достони (1484), ишқийсаргузашт характерда. 37 боб (5000 байтдан ошиқ). Шаркда кенг тарқалган «Баҳром Гўр» афсонаси асосида. Афсона Эроннинг сосоний ҳукмдори Чярахран V (420 — 438 ҳукмронлиги) номи билан боғлиқ (Варахран — дарийча Баҳром). У гўр — қулон овига ўчлиги учун Баҳром Гўр номи билан машҳур. Афсонани ёзма адабиётга, дастлаб Фирдавсий олиб кирган. Сўнг Низомий, Хисрав Дехлавий ва б. шу мавзуда асарлар ёзганлар. Навоий бу тажрибаларни умумлаштириб, мукаммал оригинал достон яратган. Достон Шарқца «Баҳром ва Гуландом», «Баҳромнома», «Ҳафт манзари Баҳром» номлари билан шуҳрат қозонган. «Сабъаи сайёр» анъанага кўра, ҳамд, муножот ва наът билан бошланган, сўнг воқеалар баён этилган. Мундарижаси «Хамса»даги бошқа достонлардан фарқ қилади; ҳикоя ичида ҳикоя усулида ёзилган. Баҳром ва Дилором воқеаси асарда қолипловчи ҳикоя бўлиб, унинг ичида яна 7 ҳикоя келтирилган. Улар асарнинг умумий йўналиши билан чамбарчас боғланиб, яхлит бир бадиий асарнинг узвий қисмларини ташкил этади. Айни вақтда ҳикоянинг ҳар бири мустақил ҳисобланади ва мавзулар даврнинг, халқ турмушининг муҳим томонларини қамраб олади; халқ ҳаёти, тинчлик ва осойишталик, адолат ва ватанпарварлик, севги ва маърифат ғоялари илгари сурилади, мунофиклик ва золимлик қораланади.

Баҳром — 7 иқлим шоҳи. Овда уни излаб келаётган Монийни учратади. Моний хитойлик гўзал Дилором ҳақида хабар беради, ўзи чизган қизнинг суратини кўрсатади. Шоҳ суратни кўриб телбаларча ошиқ бўлади. Хитойнинг 1 йиллик хирожини тўлаб, қизни саройга келтиради. Шоҳ қизга бутунлай маҳлиё бўлиб, мамлакат ишларини унутади. Мастлик билан севгилисидан ҳам ажралади, сўнг узлатга берилади. Ундаги савдойиликни даф этмоқ учун 7 иқлим шоҳи 7 рангдаги 7 қаср қурдиради. Бахром уларнинг ҳар бирида ҳар куни 1 мусофирдан ҳикоя тинглайди, тузала бошлайди. Ниҳоят 7-кун оқ қасрда Дилоромнинг дарагини эшитади ва уни топади. Яна овга, айшишратга берилади ва навбатдаги ов пайтида бутун аркони давлати билан ер ютади.

Навоий Баҳром образига жуда катта маъно-мазмун юклаган. Унинг тимсолида ошиқлик ва шоҳликнинг бир танга сиғмаслигини кўрсатган. Навоий асар воқеаларини Хуросону Мовароуннахр ҳаёти билан боғлашга ҳаракат қилиб, қиссага туркона руҳ берган. «Сабъаи сайёр» воқеалари, қаҳрамонларининг хатти-ҳаракатлари юксак бадиий маҳорат билан тасвирланган. Навоийдан сўнг оғзаки ва ёзма адабиётда «Сабъаи сайёр»нинг бир неча вариантлари яратилди [ Сайқалий «Баҳром ва Гуландом», Н. Цицишвили «Баҳромгуриани» достонлари; К. Яшин «Меҳр ва Суҳайл» мусиқали драмаси, К. Яшин, М. Муҳамедов «Дилором» операси либреттоси, Ғарибий (19-а.) «Шоҳ Баҳром ва Дилором», Умар Боқий «Қиссаи ҳафт манзари Баҳром», Фозил Йўлдош ўғли «Баҳром ва Гуландом» ва б. ].

Нашри: Сабъаи сайёр, Т., 1956, 1977.

Бегали Қосимов.

Loading...