САБОҲИДДИН АЛИ

САБОҲИДДИН АЛИ (1907.7.2, Эгридере қишлоғи — 1948.24, Киркларели) — турк ёзувчиси. Германияда ўқиган (1928 — 30). Немис тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Маориф нозирлигида, кейинчалик Анқара консерваториясида хизмат қилган. Ижоди 1928 й. дан бошланган. Шеърлари турк халқ кўшиқлари руҳида ёзилган бўлиб, уларда муҳаббат наволари эрксеварлик ғоялари билан уйғун ҳолда ифодаланган. Ҳикоя, қисса ва романларида эса романтик кайфият билан бирга танқидий реализмга хос хусусиятлар устуворлик қилган. Сўнгги йўналишдаги асарларида Туркия ҳаётидаги зиддиятлар бутун кескинлиги билан очиб ташланган. Сабоҳиддин Али турк адабиётида ҳикоя жанрининг устаси сифатида шуҳрат қозонган. «Тоғлар ва шамол» (1934) шеърлар тўплами, «Тегирмон» (1935), «Янги дунё» (1943), «Ойнаванд сарой» (1947) ҳикоя тўпламлари ҳамда «Куюжаклик Юсуф» (1937), «Ичимиздаги шайтон» (1940), «Мўйна либосли хоним» (1943) романлари муаллифи. Сабоҳиддин Али руҳан Нозим Ҳикматга яқин бўлиб, 1945 й. да тараққийпарвар нашрларда ҳамкорлик қилган ва ўзи ҳам «Марко Поша» ҳажвий-сиёсий газ. ни нашр этган. Туркиядан чиқиб кетаётган пайтида хоинларча ўлдирилган. Сабоҳиддин Алининг айрим ҳикоялари ўзбек тилига таржима қилинган.

Ас: Кичкина Ҳасан [ҳикоялар], Т., 1954; Ҳикоялар, Т., 1959; Враги [рассказы], М., 1971.

Ад.: Фиш Р., Сабахиттин Али, М., 1959; Кямилев Х. К., Анатолия глазами Сабахаттина Али, Т., 1965.

Loading...