САБЗАВОТЧИЛИК

САБЗАВОТЧИЛИК — 1) деҳқончиликнинг сабзавот экинларини етиштириш билан шуғулланадиган тармоғи. Сабзавотчилик деҳқончиликнинг бошқа тармокларидан куп жиҳатдан фарқ қилади, жумладан, Сабзавотчиликда экинлар очиқ ва ҳимояланган (ёпиқ) ерларда етиштирилади, аксарият бир мавсумда ҳосил берадиган экинлар экилади. Дала ва ҳимоя ланган ердаги (қ. Парник, Иссиқхона экинлари) Ска бўлинади. Сабзавот экинлари очиқ майдонларда (баҳорёз ва куз даврларида) сабзавот ҳамда уруғ, ёпиқ ерларда (мавсумдан қатъи назар) сабзавот олиш учун етиштирилади. Ҳимояланган ерларда ўсимликнинг ўсиши ва ривожланиши учун (мас, иссиқхоналарда) жами омиллар сунъий яратилади ва уни бошқариш мумкин. Бу эса қиш, эрта баҳор, кеч кузда ҳам сабзавот етиштирищ имкониятини яратади. Сабзавотчиликда етиштириладиган экинлар турининг кўплиги, биологик хусусиятларининг хилмахиллиги билан ҳам ажралиб туради. Ўзбекистонда 70 га яқин турдаги Сабзавотчилик экинлари етиштирилади ва қ. х. да салмокли ўринни эгаллайди. Ўрта Осиёда қовуннинг 2000 йил илгари, тарвуз, қовоқ, бодринг, пиёз, сабзи, калампир, турп ва б. нинг ундан ҳам илгари экилгани маълум. Халқ селекциясида сабзавот экинларининг дунёга машҳур навлари яратилган. Асрлар давомида сабзавот экинларининг тур таркиби ўзгариб борди. Мас, 19-а. нинг 2-ярмидан Россия оркали помидор, картошка, карам, гулкарам, болгар қалампири, Хитойдан эса редиска, патиссон, пекин карами ва б. кириб келди ҳамда асосий экинлар қаторидан жой олди.

Ўзбекистонда Сабзавотчилик 20-а. нинг 30й. ларидан бошлаб кескин ривожланди, экиладиган экин турлари ва майдони кўпайди. 1934 й. да Ўрта Осиё сабзавотчилик тажриба ст-яси ташкил этилди. 1940 й. да сабзавот экинлари майдони 25,3 минг га, ялпи ҳосили 315,2 минг т., ҳосилдорлиги 125 ц/га ни ташкил этди.

Урушдан кейинги йилларда катта шаҳарлар ва саноат марказларига яқин ерларда ихтисослашган йирик Сабзавотчилик хўжаликлари ташкил этилди, Сабзавотчиликни механизациялаш муаммолари ҳал қилинди, ҳимояланган ерларда сабзавот етиштириш майдонлари кенгайди, комбинат типидаги йирик иссиқхоналар қурилиши бошланди. Тошкент, Самарқанд, Андижон ва б. шаҳарларда сабзавотларни кайта ишлаш саноати барпо этилди.

1960 й. да Ўрта Осиё сабзавотчилик тажриба ст-яси негизида Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик и. т. ин-ти иш бошлади. И. ч. га юқори сифатли маҳсулот берадиган, ҳосилдор, касалликлар ва зараркунандаларга чидамли, турли муддатларда пишадиган сабзавот экинларининг янги навлари жорий этилди. Сабзавот экинлари уруғчилиги ва уруғшунослиги йўлга қўйилди.

1980 й. га келиб Ўзбекистонда сабзавот экинлари майд. 104,3 минг га, ялпи ҳосили 2459,1 минг т., ҳосилдорлиги 221 ц/га ни ташкил этди.

21-а. бошидан Ўзбекистонда аҳоли жон бошига йиллик сабзавотлар истеъмолининг физиологик нормаларини (жами 113,3 кг; шундан карам 2,1, помидор 25,6, бодринг 5,5, пиёз ва саримсоқ 18,3, сабзи 18,3, лавлаги 5,5, бошқа сабзавотлар 20,0 кг) таъминлаш мақсадида Сабзавотчилик жадал ривожлантирилмоқда. Йирик шаҳарлар ва саноат марказлари атрофларидаги туманлар, асосан, Сабзавотчилик билан шуғулланади. Ширкат, дехдон ва фермер хўжаликларида очиқ далада полиэтилен плёнкалар остида эртаги сабзавотларни етиштириш йўлга қўйилган. Республиканинг жан. вилоятларида эртаги сабзавотлар етиштириш ривожланиб бормокди. Сабзавотчиликда чет эл навлари ва тажрибалари кенг қўлланилмоқда. 2000 й. да Ўзбекистонда сабзавот экинлари майдонлари 130,4 минг га, ялпи ҳосили 2637,3 минг т, ҳосиддорлиги 173,1 ц/га бўлди.

Чет элларда Сабзавотчилик қишлоқ хўжалигининг энг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Шарқий Европада — Болгария, Венгрия, Руминияда ривожланган, бу ерда етиштириладиган сабзавотларнинг аксарият қисми экспорт қилинади. Италия, Нидерландия (асосан, ёпиқ ерларга экиш ривожланган), Испания, Франция (жон бошига йиллик сабзавотлар истеъмоли 150—200 кг ни ташкил этади), Буюк Британия, ГФР, Польша ва б. мамлакатларда Сабзавотчилик катта майдонларни эгаллайди. Сабзавотчилик АҚШ, Япония, Хитой, Мексика, Африка мамлакатларда муҳим ўринда туради.

2) Сабзавот экинлари биологияси ва уларни етиштириш усулларини ўрганадиган, сабзавот маҳсулотлари етиштириш интенсив технологияларини ишлаб чиқадиган фан. Ўзбекистонда Ска оид и. т. ишлари Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари, картошкачилик институтида, Ўзбекистон ўсимликшунослик институти, Самарқанд қ. х. ин-ти, Тошкент давлат аграр ун-тида олиб борилади. Бу и. т. ва ўқув муассасаларида кўплаб маҳаллий ва б. мамлакатлардан келтирилган сабзавот, полиз экинлари намуналари ўрганилади ва коллекциялари сақланади. Ўзбекистон илмий муассасаларида олимлар 1990—2002 й. давомида сабзавот экинларининг жами 100 дан ортиқ нав ва дурагайларини яратдилар. Бу навларнинг кўпчилиги республикадан ташқари бошқа мамлакатларда ҳам экилмоқда.

Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик соҳаларини ўрганиш ва ривожлантиришга P. P. Шредер, Н. Н. Балашев, Н. С. Бакурас, К. И. Пангало, А. К. Каримов, В. И. Зуев, Е. В. Ермолова, А. С. Шчукина, С. Қ. Қўчқоров, Б. Ж. Азимов, А. Б. Боқиев, А. СҲакимов, A. M. Аббосов, Х. З. Умаров, Д. Т. Абдукаримов, О. Я. Фокина, И. Эсанов, А. Нуритдинов ва б. илмий ишлари б-н, шунингдек, селекционерлар А. Обидов (картошка), К. Юсупов (помидор) ва халқ селекционерлари Ўринбой Каримжонов, Матвафо Юсупов, Абдасхон Алигавҳаров кабилар амалий ютуклари билан катта ҳисса қўшган. Сабзавотчилик учун олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар Тошкент давлат аграр унти ва қ. х. коллежларида тайёрланади.

Ад.: Балашов Н. Н., Овощеводство. Т., 1982, Рубцов М. И., Овощеводство, 3 изд. М, 1985.

Рафиқжон Ҳакимов.