САФАВИЙЛАР ДАВЛАТИ

САФАВИЙЛАР ДАВЛАТИ — Ўрта Шарқда сафавийлар бошқарган давлат (1502—1736). Ардабил ҳукмдори Исмоил оқ қўюнлилар ва уларнинг иттифоқдошлари устидан ғалаба қозониши натижасида барпо этилган. Сафавийлар давлати таркибига Озарбайжон, Арманистоннинг бир қисми, Эрон, ҳоз. Афғонистон (Балх вилоятидан ташқари), Араб Ироқи (вақтвақти б-н) ва б. ҳудудлар кирган. Сафавийлар, асосан, қизилбошлиларга таянган. 16-а. гача пойтахт Табризда бўлиб, 1548 й. Қазвинга кўчирилган. Давлат дини шиалик бўлган. Шоҳ Таҳмасп I даврида кўчманчи қабилалар таъсири кучайиб, Сафавийлар давлатида халқ қўзғолонлари авж олган. 1535 й. Хуросондаги халқ қўзғолонидан фойдаланган Бухоро хони Убайдуллахон Ҳиротни босиб олган. Таҳмасп I Кавказорти, Курдистон, Ироқни қайтариб олиш учун турклар билан тинимсиз урушлар олиб борган. Таҳмасп I вафотидан сўнг бошланган ўзаро урушлар натижасида Сафавийлар давлати инқирозга учраб, майда мулкларга бўлиниб кетган. Бундан фойдаланган Туркия С. д. нинг шим. қисмини, ўзбек хонлари Хуросонни босиб олди. Бу вақтга келиб қизилбошлилар Аббос I атрофига бирлашган. 1597 й. Хуросон ўзбеклардан тортиб олинган. Ҳарбий ислоҳот ўтказилган. Пойтахт Исфаҳонга кўчирилиб, унда ва б. шаҳарларда қурилиш ишлари олиб борилган. 1603— 07 й. лар Луристон, Арманистон, Грузия, Озарбайжон Туркиядан қайтариб олинган. 1623 й. Бағдод ҳам қўшиб олинган. Савдо ва ҳунармандчилик тараққий этган. Аббос II нинг вафотидан сўнг Сафавийлар давлати яна инқирозгаучрай бошлаган. 18-а. бошларида Афғонистондаги сафавийлар ҳокими Мир Вайс ўзини мустақил деб эълон қилган. 1722 й. унинг ўғли Маҳмуд Сафавийлар давлатининг анча қисмини босиб олган. Сафавийларнинг афғонлар ва туркларга қарши муваффақиятли кураш олиб борган саркардаси Нодир (қ. Нодиршоҳ) сафавийлар сулоласини тахтдан ағдариши б-н С. д. барҳам топган.

Loading...