САҲОБАЛАР

САҲОБАЛАР (араб. — ҳамроҳ, дўст) — Муҳаммад (сав)нинг сафдошлари, яқин ёрдамчилари. Кейинчалик Муҳаммад (сав)ни лоақал бир маротаба, гарчи гўдаклик чоғида бўлса ҳам кўрган барча кишилар Саҳобалар деб атала бошлаган. С. Арабистондан ташқаридаги ўлкаларни фатҳ этишга киришган илк мусулмон қўшинининг ўзагини ташкил этган. Саҳобаларнинг олий қатламини муҳожирлар ва ансорлар ташкил қилган, улар дастлабки халифаларни сайлашга таъсир кўрсатганлар, уларни ноиблик ва олий даражадаги лашкарбошилик мансабларига тайинлашган. Саҳобаларнинг ислом тарихидаги алоҳида аҳамияти шундаки, Муҳаммад (сав) вафот этганидан сўнг, унинг таълимотини ҳаммалари бир бўлиб сакладилар. Саҳобаларнинг Пайғамбар сўзлари ва ишлари ҳақидаги ҳикоялари (ҳадислар), шунингдек, шахсий ўрнаги ва фикри ислом ахлоқий таълимоти — суннанинг энг муҳим таркибий қисмини ташкил этди. Саҳобаларга бўлган ҳурмат, эҳтиром кейинчалик уларнинг қабрларини эъзозлашга ва фазилатлари ҳақида асарлар пайдо бўлишига олиб келди.