
САҲРОИ КАБИР
САҲРОИ КАБИР (араб. Катта чўл) — Ер юзидаги энг катта тропик чўл. Африканинг шим. да. Майд. 7 млн. км2 дан зиёд (Африка ҳудудининг 25%). Ғарбдан шарққа 5700 км га чўзилган, эни 2000 км гача. Саҳрои Кабирда Марокаш, Тунис, Жазоир. Ливия, Миср, Ғарбий Саҳрои Кабир, Мавритания, Мали, Нигер, Чад, Судан давлатлари тўлиқ ва қисман жойлашган. Ер юзасининг 80% текисликдан иборат бўлиб, бал. 200—500 м. Шарқий ва шим. қисмида берк хавзалар бор, баъзиларининг ер юзаси денгиз сатҳидан анча паст, мас, Каттара (—133 м), АлФайюм ва б. Марказида Ахажжар (энг баланд жойи Тахат чўққиси, 3003 м) ва Тибасти (энг баланд жойи 3415 м, Саҳрои Кабирда энг баланд) вулканик массивлар жойлашган. Саҳрои Кабирнинг ландшафти жуда хилмахил. Ҳудудининг 70% тошлоқли чўл, per, серир, қумли чўл (эрг) ва шўрхоклар билан банд, тоғли ерлар ҳам чақиртошлардан иборат. Чўлнинг шим. ва шим. шарқий қисмида қум уюмлари шамолда кўчиб юради. Катта майдонларни ксерофит ўсимликлар илдизи билан мустаҳкамланган жўякли кум уюмлари (бал. 200—300 м) эгаллаган.
Саҳрои Кабир геологик жиҳатдан АфрикаАрабистон платформасининг шим. карбий қисмидир. Унинг кембрийгача бўлган замини томик қисмида ва НубияАрабистон қалқонининг ғарбий чеккасида ер юзига чиқиб қолган. Бошқа жойларида қад. жинслар устини денгиз ётқизиклари қоплаган. Фойдали қазилмалардан нефть ва газ, темир ва мис рудалари, олтин, вольфрам, уран конлари бор.
Саҳрои Кабирнинг катта қисмида тропик, қуруқ ва иссиқ, шим. да субтропик иқлим. Ҳудудининг аксари қисмида йил давомида шим. шарқий пассат шамоллари эсиб туради. Музланиш даврида Саҳрои Кабирда иқлим сернамроқ бўлган. Саҳрои Кабирнинг соҳил қисмидан бошқа жойларида ҳаво қуруқ. Ёғин чўлнинг шим. да, асосан, қишда, жан. да ёзда ёғади. Йиллик ёғин Саҳрои Кабирнинг текислик қисмида 50 мм дан, тоғликларда 100 мм дан кам, чеккаларида 100—200 мм. Ички р-нларда йиллаб ёғин ёғмайди, лекин айрим вақтларда тоғларда жала ёғиб сел келади. Аҳажжар ва Тибасти тоғликларининг тепаларида қишда қисқа муддат қор ёғади. Ҳавонинг суткали ва йиллик т-раси фарқи катта. Айрим жойларда тра 56—58° га етади. Июль ойининг ўртача т-раси 37,2°, янв. ники 10°. Кишда ҳамма қисмида кечаси тупроқ музлайди. Энг паст тра (—18°) Тибасти тоғида кузатилган. Йилнинг салқин ойларида кучли шамол (тезлиги 50 м/сек. гача) эсиб чанг ва қум бўронлари (самум) бўлади.
Саҳрои Кабирда оқар сувлар кам. Чўлни кесиб ўтувчи энг йирик дарё — Нил. Баъзан кучли ёмғир ёққандан сўнг қуруқ ўзанлар қисқа муддат сувга тўлади. Тоғларда суви жуда минераллашган кичик қолдиқ кўллар учрайди. Саҳрои Кабир ер ости сувларига бой. Булоқ ва қудуклар атрофида воҳалар вужудга келган. Чўлнинг шим. да ер ости сувлари ер юзига яқин, артезиан қудуғи кўп.
Тупроғи Саҳрои Кабирнинг аксари қисмида тропик чўл ва чала чўлга хос оддий тупроқ. Оҳакгипсли қатламлари кўп учрайди. Саҳрои Кабир ўсимликлари Голарктика флора областига мансуб. Юксак ўсимликларнинг 1200 тури мавжуд. Ўсимликларининг аксари қурғоқчиликка чидамли бошокли ўтлар ва бутазорлардан иборат. Ёмғирдан кейин эфемерлар усади. Саҳрои Кабирда ўсимлик жуда сийрак, каттагина майдонларда эса умуман ўсимлик ўсмайди. Саҳрои Кабирнинг шим. қисмида Ўрта денгиз атрофига хос ўсимликлар, жан. да эса акация, юлғун, чаканда ва б. ўсади. Тоғли ерларда қад. ўсимлик вакиллари учрайди, эндемик турлари ҳам кўп. Чўддаги воҳаларда ва Нил водийсида хурмо, анжир, зайтун ва мевали дарахтлар, цитрус ўсимликлар ўстирилади, сабзавот етиштирилади.
Ҳайвонот дунёси Голарктика ва Эфиопия зоогерографик областларига мансуб, 4000 тур ҳайвон яшайди. Жами ҳайвон турларининг 40% фақат Африкада учрайди, лекин Саҳрои Кабир учун эндемиклари 10—12% дан ошмайди. Сут эмизувчиларнинг 60 тури маълум. Ҳайвонларнинг аксари қисми тунги ҳаёт кечиради.
Саҳрои Кабир аҳоли энг сийрак жойлардан. Унинг Нил водийси ва дельтасидан ташқари қисмида аҳоли жуда кам. Аҳоли доимий яшамайдиган жойлар билан бир қаторда 1 км2 га 1000 киши тўғри келадиган жойлар ҳам бор. Аҳолининг этник таркиби ҳам хилмахил. Саҳрои Кабир аҳолиси қадимдан кўчманчи чорвачилик, фойдали ёввойи ўсимлик ва меваларни териш, воҳаларда деҳқончилик қилиш билан шуғулланади. Асосан, хурмо ўстирилади, донли экинлар ва сабзавот ҳам етиштирилади. Қўй, эчки ва туя боқилади. Чўл жан. да йирик нефть ва газ конларининг топилиши ва ишга туширилиши Саҳрои Кабирнинг иқтисодий аҳамиятини тубдан ўзгартириб юборди. Дунёда нефть қазиб чиқариладиган йирик р-нлардан бирига айланди. Саҳрои Кабирнинг ички р-нларидан хом ашёни ташиб чиқиш учун автомобиль йўллари қурилган.