САИД АҲМАД

САИД АҲМАД, Саидий (14-а. нинг охири — Ҳирот — 15-а. нинг 1-ярми) — шоир. Темурий шаҳзодалардан Мироншоҳнинг ўғли, давлат идора ишларида қатнашмаган. Туркий ва форсийда шеърлар ёзиб, девон тартиб берган ҳамда нома жанрида «Таашшуқнома» («Ошиклар мактублари», Навоий таъбирича, «Латофатнома») достонини яратган (1435—36). Достонни амакиси Шоҳрух мирзога бағишлаган. Асар Хоразмий «Муҳаббатнома»си ва Хўжандий «Латофатнома»сига татаббу қилинган. Назира қонуниятларига кўра, асар тузилиши, мактублар сони (10 та) жиҳатидан ҳам юқоридаги асарларга ўхшаш; маснавий мактублар ғазал ва б. лирик жанрлар билан қоришиқ. Саид Аҳмад достонида ҳар бир ғазалнинг маълум бир мақом билан боғланганлиги ва иккинчи номанинг барча мисраларида тажнисли қофия ишлатилганлиги билан Хоразмий ва Хўжандий асарларидан ажралиб туради. Мактублар туркий тилда. Асар рангбаранг поэтик шаклларга бой. Достон ўзбек адабиёти тарихида нома жанрининг ривожланиш йўлларини, 15-а. ўзбек адабий тилини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Асарнинг ягона қўлёзма нусхаси Лондондаги Британия музейида, фотонусхаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланади.

Ад.: Рустамов Э., Узбекская поэзия в первой половине XI века, М., 1973; Маллаев Н., Ўзбек адабиёти тарихи. Т., 1976; Навоийнинг нигоҳи тушган…, Т., 1986.

Loading...