САЛЖУҚИЙЛАР ДАВЛАТИ

САЛЖУҚИЙЛАР ДАВЛАТИ — Яқин ва Ўрта Шарқ, қисман Мовароуннаҳрда салжуқийлар сулоласи бошқарган давлат (1038—1308). Салжуқийлар давлатига Салжуқннж невараси Султон Тўғрулбек асос солган. Салжуқ турклари 11-а. нинг 20й. ларида ҳарбий хизматлари эвазига Хуросонда Маҳмуд Ғазнавийдан кўплаб мулклар олганлар. Бироқ кейинчалик ғазнавийлар уларга қарши лашкар жўнатиб, Арслон Исроил ибн Салжуқни асир олишган ва Ҳиндистондаги ҳарбий қалъада тутқунликда сақлашган (1032 й. у хибсда ўлган). Салжуқийлар ғазнавииларга қарши олиб борган кўплаб муваффақиятли жангларидан сўнг Нишопурни эгаллаб, ўз раҳбарлари Тўғрулбекни султон деб зьлон қиддилар (1038). Данданакон жангидаги ғалабадан сўнг, у Хуросон ҳукмдори деб эълон қилинди. Астасекин салжуқийлар Хуросон, Хоразм, Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ (Бағдод билан бирга)ни ўзларига бўйсундирдилар. Бағдодда Тўғрулбек номига хутба ўқитилган. Аббосийлар халифаси алҚоим (ҳукмронлик даври: 1031—75) ҳокимиятни Тўғрулбекка топшириб, уни султон ҳамда «Шарқ ва Ғарб подшоҳи» деб тан олишга мажбур бўлган ва қизини унга хотинликка берган. Тўғрулбек Райни, унинг укаси Чағрибек Довуд (990—1060) Марвни ўзларига пойтахт қилдилар. 1050 й. да Тўғрулбек пойтахтни Райдан Исфаҳонга кўчирган.

Алп Арслон ва Маликшоҳ хукмронликлари даврида салжуқийлар Кичик Осиё ва Яқин Шарқда мустаҳкам ўрнашиб олишган. Улар Византия императори Роман IV Диогеннинг 200 минг кишилик қўшинини енгиб (1071), бутун Кичик Осиёни (1071—81), кейинчалик Сурия ва Фаластинни забт этишган. Арманистон, Грузия, Ширвон ҳам бўйсундирилган. Шу даврда Балх, Термиз (1044), Бухоро, Самарқанд (1089), кейинчалик Фарғона водийси салжуқийлар қўл остида бирлашган.

Ҳатто Шарқий Туркистондаги қорахонийлар ҳам уларнинг устунлигини тан олишган. Алп Арслон пойтахтни Исфаҳондан Марвга кўчирган. Салжуқийлар қўшинлари Арабистон я. о. даги Яман ва Баҳрайн ерларини ҳам ўз тасарруфларига олишган. Маликшоҳ ҳукмронлиги даврида Салжуқийлар давлати ҳарбий-сиёсий жиҳатдан жуда кучли бўлган. Бу вактда пойтахт яна Исфаҳонга кўчирилган. 11-а. охирларида Салжуқийлар давлати Шарқий Туркистондан Ўрта ер ва Мармар денгизларигача бўлган катга ҳудудни ўз ичига олган. Бу давлат Хитой билан Византия ўртасида жойлашган. Салибчиларнинг Шарққа қилган юришларини тўхтатишда салжуқийларнинг хизмати катта бўлган.

11-а. охирларидан бошлаб, Салжуқийлар давлати парчалана бошлайди. Чунки 1салиб юриши натижасида Салжуқийлар давлати Грузия, Ширвон ҳамда Кичик Осиёнинг соҳил бўйи ҳудудларидан, Сурия ва Фаластиннинг бир қисмидан ажралган (1096—99). Салжуқийлар давлатидан бир неча мустақил султонликлар ажралиб чиққан. Мас, Кермон султонлиги (1041 — 1187), Шом (Сурия) султонлиги (1074—1117), Кўния султонлиги ва б. салжуқий султонлар ўғуз ва б. туркий уруғлар бошлиқлари, жасур жангчиларга иқто инъом қилганлар. Mac, Маликшоҳ салтанатни 12 та вилоят — мулкка ажратиб, уларни амирлар ва лашкарбошиларга иқто тариқасида берган. Каттакатта мулкларга эга бўлган иқтодорлар эса мустақил бўлишга ҳаракат қилганлар. Маликшоҳ вафоти (1092)дан сўнг, унинг ўғиллари ўртасида тахт учун кураш авж олди. Акаука султонлар Маҳмуд (ҳукмронлик даври: 1092—94), Барқиёруқ, Маликшоҳ II (ҳукмронлик даври: 1104 — 25), Ғиёсиддин Муҳаммад (ҳукмронлик даври: 1105—18) айрим ҳокимларнинг исёнларини бостириш билан бирга исмоилийлар ҳаракати, хусусан, ҳашшошийларта қарши кураш олиб боришга мажбур бўлганлар.

Буюк Салжуқийлар давлати тахт учун курашлар оқибатида шарқий ва ғарбий қисмларга бўлинган. Ғарбий қисмга кирган Ғарбий Эрон, Ироқ ва Озарбайжонни Ироқ султонлиги (1118—94) номи билан султон Ғиёсиддин Муҳаммаднинг ўғли султон Маҳмуд (ҳукмронлик даври: 1118—31) бошқаришни бошлаган. У Ҳамадонни ўзига пойтахт қилган. Шарқий қисм, асосан, Хуросон, Сейистон, Хоразм ва Мовароуннаҳрдан иборат бўлиб, унга султон Маликшоҳнинг кенжа ўғли султон Санжар ҳукмронлик қилган ва пойтахти Марв бўлган. Санжарнинг қудрати авжга чиққан даврларда ғарбий салжуқийлар ҳам унинг сиёсий таъсири остида бўлишган, Ғазнавийлар давлати эса унга 1117 й. дан тобе бўлган. Бироқ Шарқцан қорахитойларнинг Мовароуннахрга бостириб кириши, Самарқанд яқинида бўлган машҳур Қатвон жанги (1141 й. 9 сент.) да улар қарлуқпар билан биргаликда салжуқийлар ва қорахонийларнинг бирлашган қўшинини тормор қилиши натижасида Санжарнинг кучқудрати заифлаша бошлаб, у Мовароуннаҳр, кейинчалик Хуросоннинг асосий қисмидан ажралади. Ануштегинийлартн Қутбиддин Муҳаммад, хусусан, Отсиз даврларида Хоразм ҳам Салжуқийлар давлатидан ажралиб чиқиб, ўз мустақиллигини тиклаган. Отсиз, ҳагго салжуқийлар пойтахти Марвни эгаллаб, Нишопурни қамал қилган (1141—42). Санжарнинг вафоти (1157) дан сўнг салжуқийларнинг Хуросондаги ҳокимлиги тугаган. Хуросон ғузлар (ўғузлар) тасарруфига кирган. 1117 й. салжуқийларнинг Шом (Сурия) султонлиги, 1187 й. Кермон султонлиги ҳам тугатилган. Хоразмшохдар 12-а. 2-ярмидан бошлаб ғарбий салжуқийларнинг Ироқ султонлигига кучли зарбалар беришган. Хоразмшоҳ Такаш Ироқ султонлигини ҳам тормор қилиб, ўз давлатига қўшиб олган (1194). Фақат Кичик Осиёдаги Кўния (Анадолу ёхуд Рум) султонлиги 14-а. бошларигача ҳукм сурган.

Давлатни бошқариш. С. д. тепасида олий ҳукмдор — султон (султон улаъзам) турган. Унинг номидан хутба ўқилиб, танга зарб этилган. Тахт отадан болага мерос сифатида ўтган. Мулк, ерсув тақсимлаш, муҳим давлат ва бошқарув мансабларига тайинлаш, амалдорлар ишини назорат қилиш ва б. султоннинг ваколатлари доирасига кирган. Салжуқийларнинг бошқарув тизими сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийларники сингари иккига: даргоҳ ва девонларга бўлинган. Улуғ ҳожиб, ҳорис амири (амири ҳорис), салохдор, хос вакил, аламдор, жондор, таштдор, сарҳанг, мирохур даргохдаги асосий лавозимлар саналган. Бош вазир девони аъло — марказий бошқарув тепасида турган. Девони туғро, девони (истифомолия девони), девони ишраф (назорат девони), девони арз (ҳарбий вазирлик) каби расмий девонлар бўлган. Вилоят бошликлари (волийлар) ҳам ўз девонларига эга бўлишган. Волийлар султон томонидан тайинланган бўлиб, улар вилоят ҳаёти билан боғлиқ барча соҳалар: молия, солиқ, суд, ҳарбий ишлар, жазо идораларига раҳбарлик қилган. Туман ва шаҳар миқёсидаги бошқарув тизими ҳам деярли шундай бўлган.

Салжуқийлар давлатида, айниқса, Буюк салжуқийлардан Тўғрулбек, Алп Арслон, Маликшоҳ, Санжар даврларида иқтисодий ва маданий ҳаётда катта кўтарилиш юз берган. Ҳунармандчилик тараққий қилган: тўқимачилик, кулоллик, заргарлик, ойнасозлик, темирчилик, кўнчилик ва гилам тўқиш ривожланган. Буюк ипак пули улкан салтанатнинг марказий шаҳарлари орқали ўтган. Шарқий Европа, Византия, Ҳиндистон, Хитой мамлакатлари билан савдо алоқалари гуркираб ривожланган. Маликшоҳ Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдони жонлантириш учун Хуросон ва Ироқ савдогарларини бож тўловидан озод қилган. Каспий денгизи орқали Туркистонга нефть маҳсулотлари келтирилган. Ички савдо ҳам ривожланган. Мамлакатда соф олтиндан зарб этилган динор (кизил динор) жорий этилган. Бундан ташқари, маҳаллий динор (рукний) ва мис дирҳамлар ҳам бўлган.

Маданияти. Салжуқийлар давлати даилм-фан вамаданият ривожланган. Айниқса, Эрон, Ироқ ва Мовароуннаҳрда маданий юксалиш юқори бўлган. Нишопур, Исфаҳон, Басра, Ҳирот, Марв, Бухоро, Самарқандда мадрасалар бунёд қилинган. Хусусан, буюк вазир Низомулмулк қурдирган Бағдоддаги Низомия мадрасаси (1067) бутун жаҳонга машҳур бўлган. Низомулмулк давлатни бошқариш асослари ҳақида «Сиёсатнома» асарини яратган. Мунажжим ва риёзиётчи олим Умар Хайём лойиҳасига кўра, Исфаҳонда расадхона курилган. У Маликшоҳ топшириғига кўра, расадхонада кузатув ишларини олиб борган ва сосонийларнинг шамсий тақвимини ислоҳ этиб, Янги тақвим («Маликшоҳ тақвими» ёхуд «Жалол эраси») ни тузган (1079). Низомий Ганжавий, Жалолиддин Румий, Саъдий Шерозий, Умар Хайём форс шеъриятининг сўнмас дурдоналарини яратишган. Муҳаммад Ғазолий, Фаридиддин Аттор, Хожа Юсуф Ҳамадоний каби ислом уламолари ва сўфийлар ижод килишган.

Салжуқийлар давлатида риёзиёт ва илми нужум (Баҳовуддин Абубакр Марвазий, Шарафиддин Тусий, Абулҳасан Али Марвазий, Абулҳотам Музаффар Исфизорий, Заҳириддин Ғазнавий), тиббиёт ва кимё (Исмоил Журжоний, Фахриддин Розий), тарих (Заҳриддин Нишопурий, Садриддин Ҳусайний, Ануширвон Кошоний, Абу Бакр Равондий), адабиёт (адиб Собир Термизий, Носир Хусрав, Анварий, Асириддин Ахсикатий, Рафъий Марвазий ва б.) соҳаларига оид кўплаб бебаҳо асарлар яратилган. Бу даврда Нишопур, Марв, Исфаҳон, Рай, Ҳамадон каби пойтахт шаҳарлар, шунингдек, Бухоро, Самарқанд, Термизда кўплаб меъморий ёдгорликлар қурилган. Марв гуллаб яшнаган, у «Марви Шоҳижаҳон» — «Шаҳарлар шоҳи» деб улуғланган. Тарихчи ва сайёҳ Ёқут Ҳамавий Марвда бўлганида бу ерда 10 та йирик кутубхона борлигини кўрган ва улардан фойдаланган. Термиз яқинидаги Пайғамбароролда Зулкифл мажмуаси (11—12-а. лар), Султон Саодат меъморий мажмуи (11 — 18-а. лар), Жарқўрғон минораси (1109), Марвда Султон Санжар мақбараси (12а.) ва б. меъморий обидалар қурилган. Салжуқийларнинг Кўния султонлигида ҳам маданият тараққий этган. Кичик Осиёнинг исломлашиш жараёни кучайиб, тасаввуфнинг мавлавийлик, бектошия каби тариқатлари шаклланган, ахийлик (жавонмардлик) ва қаландарлик кучайган. Жалолиддин Румий, Юнус Эмро (1240—1320), Хожа Бектош Вали (1248— 1338), Садриддин Кўнёвий, Шаҳобиддин Суҳравардий сингари машҳур мутасаввифлар етишиб чиққан. Кўния (Иконий), Сивас, Қайсария, Никея ш. лари йирик маданий марказлар ҳисобланган. Бу пайтда «Ўғузнома» достонининг ёзма варианти шаклланган, латифааа Хўжа Насриддин (Афанди) образи (Туркистон ва Анадолуда) яратилган.

Манбалар: Садриддин Али алХусайни, Ахбар аддаулат ассельджукиййа (Зубдат аттаварих), М., 1980; АбулФазл Бейхаки, История Масъуда (10301041), Т., 1962, 2нашри, М„ 1969; Рашидаддин, Сборник летописей, т.1, кн. 1, М. Л., 1952; Фазлаллах Рашид ад-Дин, Огузнаме, Баку, 1987; Низомулмулк, Сиёсатнома ёки сияр улмулук, Т., 1997.

Ад:. Гордлевски й В. А., Избранные сочинения, т. [(Государство Сельджукидов Малой Азии), М., 1960; Агаджанов Салжуқийлар Давлати, Государство сельджукидов в Средней Азии в XI—XII вв., М., 1991; Азамат Зиё, Ўзбек давлатчилиги тарихи, Т., 2000; Термиз — буюк чорраҳадаги кўҳна ва янги шаҳар, Т., 2001; Рахманалиев Р., Империя тюрков, М„ 2002.

Қаҳрамон Ражабов.

Loading...