САЛОҲИДДИН ТОШКАНДИЙ

САЛОҲИДДИН ТОШКАНДИЙ, Мулло Салоҳиддин ибн Мулло Алоуддин хожа (19-а. нинг 2-ярми — Тошкент — 20-а. бошлари) — адиб. Ҳаётига оид маълумотлар деярли сақланмаган. «Темурнома» (1908) бадиий асаригина етиб келган. Салоҳиддин Тошкандий «Темурнома»ни яратишда кўпгина тарихий, бадиий ва линий асарлардан фойдаланган. Асар анъанавий ҳамддан бошланган. Сўнг Мовароуннақрда ҳукм сурган сулолалар тилга олинган. Асосий қисм 47 достондан иборат. Амир Темурнинг болалигидан тортиб бутун ҳаёти, Марказий Осиёни мўғуллар зулмидан озод қилиши, Дашти қипчоқ, рус ерлари, Урал сари қилинган юришлар, Эрон, Туркия, Шом ва Ироқ, Ҳиндистонга қўшин тортишлар, Боязид Йилдирим билан бўлган жанглар, улар билан боғлиқ саргузаштлар қизиқарли ҳикоя қилинган. Муаллиф Амир Темурга бемисл ҳурмат билан ёндашиб, бадиий жонлантирган. Китобда ислом ва унинг вакилларига ҳам кенг ўрин берган. Мовароуннахрда мўғуллар истибдоди йилларида ҳам ислом сиёсатига, босқинчилар феълатворига таъсир ўтказиб турганини таъкидлаган. Унда 500 дан ортиқ тарихий шахслар номи тилга олинган. Камол Хўжандий, Сайд Аҳмад, Абдулла Зотифий, Исмат Бухорий каби шоирлар ҳамда ўз шеърларидан 1030 мисра шеър берилган. Асар жаҳонгир шоҳ ҳаёти мисолида кишиларни меҳроқибатли бўлишга, ўтмишда юз берган қирғинлардан сақланишга, тинчликнинг кадрига етишга даъват этади.

Ас: Темурнома, Т., 1990.