САЛТОВОМАЯЦК МАДАНИЯТИ

САЛТОВОМАЯЦК МАДАНИЯТИДон дарёси ва Азов денгизи бўйидаги чўл, ўрмончўлларида яшаган кўчманчи ва ярим кўчманчи халқлардан қолган археологик ёдгорликлар. С. М. м. Маяцк ш. харобаси ва Салтово қабристони номидан олинган. Хазар хоқонлиги (7—8-а. лар) таркибига кирувчи кўчманчи қабилалар (булғор ва аланлар) ўтроқлашиб, улар орасида мулкчилик муносабатлари шаклланаётган даврда пайдо бўлиб, бижанаклар (печенеглар) зарбаси (9—10-а. лар оралиғида) натижасида инқирозга юз тутган даврга тўғри келади. 19-а. да Салтовомаяцк Маданиятининг 10 га яқин ёдгорлиги топилган. 1900 й. да ўқитувчи В. А. Бабенко Салтово қабристони (Харьков вилоятидаги Верхное Салтово қишлоғи)дан бир неча катакомбани қазиб ўрганган. 1906 й. да Маяцк ш. харобаси (Тихая Сосна дарёсининг Дон дарёсига қуйиладиган жойида, Воронеж вилояти) ўрганилган. Омоч, ўроқ, чалғи, кўза, тоғора, қозон, тувак ва б. топилган. Сопол идишлар қўлда ва кулолчилик чархида ясалган. Ҳозиргача Салтовомаяцк Маданиятига оид 200 дан ортиқ манзилгоҳ, қишлоқ, қўрғон, шаҳар ва қабристонлар маълум. Салтовомаяцк Маданиятида марҳумлар уч хилда; ғужанак ҳолда, чалқанча ётқизиб ва куйдириб кўмилган. Салтовомаяцк Маданиятининг энг катта қабристони Салтово ҳисобланиб, 300 дан ортиқ катакомбали қабр очилган. Дахмалар, асосан, тепаликларда қазилган ғорлардан иборат бўлиб, марҳумлар кўпинча эркак ва аёл ёки болалар билан бирга кўмилган қабрлар ҳам учрайди. Жангчиларнинг қабрларига қилич, пайкон ва болталар қўйилган. Салтовомаяцк Маданиятига хос маданият қолдиқлари аланлар ва булғорлар яшаган р-нлар: Шарқий Қрим, Ўрта Волга ва Қуйи Дунайдан топилган.

Loading...