САЛУИН

САЛУИН, Салуэн (тибетча НагЧу, хитойча Нуцзян) — Хитой ва Мьянмадаги дарё, қисман Мьянма билан Таиланд ўртасида чегара вазифасини ўтайди. Уз. 3200 км, ҳавзасининг майд. 325 минг км2. Тангла тизмасидаги музликлардан бошланади. Юньнан ва Шан тоғликларидаги чуқур дараларда шаршара ва остоналар ҳосил қилиб оқади. Қуйи қисмида соҳил бўйи текислигида оқиб, Андаман денгизига қуйилади. Ўртача сув сарфи 6700 м3/сек., ёзда суви тошади. Қуйи оқимда кема қатнайди. Қуйилиш ерида Моламьяйн денгиз порти жойлашган.