САМАРҚАНД ТЕАТРИ

САМАРҚАНД ТЕАТРИ, Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилоят ўзбек давлат мусиқали драма театри — Ўзбекистондаги кўҳна театрлардан бири. 1914 й. 15 янв. да М. Беҳбудийнинг «Падаркуш» спектакли билан очилган (спектаклни Беҳбудий ва А. Бадрий раҳбарлигидаги труппа саҳналаштирган). 1918 й. маърифатпарварлар тўдаси кўп тилли Самарқанд халқ театрининг ўзбек труппасига, 1920 й. «мусулмон агиттруппаси»га айланади. 1930 й. Ўзбекистоннинг Самарқанддаги пойтахт театри мақомида ишлаётган Ўзбек давлат драма труппаси янги пойтахт — Тошкентга кўчирилиши муносабати билан «Мусулмон агиттруппаси» ва «Кўк кўйлак» ҳаваскор театр тўдаси асосида Самарқанд вилоят ўзбек давлат мусикали драма театри ташкил топди. Театрга ҳ. Нарзиқулов бошлиқ, С. Жўрабоев бош реж., Собир Абдулла адабий эмакдош этиб тайинланди. Труппанинг қолган аъзолари Аҳмад Сулаймонов, Толибжон Содиқов, Бурҳон Тўраев, Acpop Жўраев, Рустам Мансуров, Мардон Розиқов, Юсуф Комилов, Каюм Ғаффоров, Шамси Маъруфий, Эътибор Кўзибоева, Ҳанифа Мавлонова, Шариф Акромов, Мавлон Муҳиддинов, Истат Худойбердиева, Мўминжон Маҳмудов, Бақо Тожиев, Ҳалима Зуфарова, Зуҳра Файзиева, Фотима Шайдуллина, Тўти Ғаффорова, Мавлуда Аъзамова сингари санъаткорлардан иборат эди. Кўп ўтмай жамоага Зоҳид Содиқов, Зайнаб Содиқова, Рауф Болтаев, Кифоят Муслимова, Азим Насимов, Икрома Болтаева, Р. Аюпова ва б. келиб қўшилади.

Театр ўз фаолиятини 1930 й. С. Абдулланинг «Боғбон қизи» (Т. Содиқов; реж. С. Жўрабоев) мусиқали драмаси билан бошлади. Кетма-кет «Ҳалима», «Ўртоқлар», «Ўт билан ўйнашмангиз» каби спектакллар саҳналаштирилди. «Ғунчалар» (3. Фатхуллин; Д. Зокиров) спектакли театр ҳаётида бурилиш бўлди. «Любовь Яровая», «Платон Кречет», «Бегона бола», «Макр ва мухаббат» сингари чет эл ва жаҳон мумтоз асарлари ҳам 30й. ларнинг охирларида саҳналаштирилди. Театрда профессионализм, ижрода маҳорат русумларини чуқурроқ қарор топтириш мақсадида Ҳамза театри шекспирхонлик ва реж. лик лабораториясининг аъзоси Бобо Хўжаев Самарқанд театрининг бадиий раҳбари этиб тайинланди (1938). «Фарҳод ва Ширин», «Гулсара», «Чегарачилар» каби спектакллар мисолида бадиий образ даражаси кўтарилди. Театрнинг 30й. лардаги фаолияти 1939 й. Тошкентда намойиш этилган «Адолат», «Гулсара», «Номус», «Макр ва мухаббат», «Насриддин афанди» ҳисобот ижодий сафари билан якунланди.

Якунга биноан А. Жўраев, 3. Содиқов, И. Болтаева, У. Абдуллаев, И. Шкваловларга Ўзбекистонда хизмат курсатган артист фахрий унвони берилди. Бу театрга берилган биринчи унвонлар эди.

1940 й. «Тоҳир ва Зуҳра» спектаклини саҳналаштириш жараёнида театр илк бор ноталаштирилган оркестрга утади. Жамоага таклиф этилган асар мусиқасининг муаллифи Т. Жалилов, театр дирижёри Д. Зокиров, малакали созандалар, Н. Ҳошимов ва Ноила Ҳошимова, Қамара Бурнашева Москва консерваторияси қошидаги опера студиясини битириб (1940) театрга келадилар ва мусиқали драмаларда бош ролларни ижро этадилар.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида ватанпарварлик мавзуидаги асарлар театр репертуаридан урин олди: «Курбон Умаров», «Даврон ота», «Ҳамшаҳар йигит», «Фронт буйлаб буйруқ», «Ўлим босқинчиларга!», «Фарзанд» ва б. 40й. ларнинг 2-ярмидаги спектакллар орасида «Ҳаёт кўшиғи», «Навбаҳор», «Бой ила хизматчи» алоҳида урин тутади. Бу даврга келиб театр Ўзбекистоннинг етакчи театр жамоалари сафига қўшилди ва 1953 й. Тошкентда навбатдаги ижодий сафарини амалга ошириб, «Алишер Навоий», «Сепсиз қиз», «Оила», «Шамсиқамар», «Шоҳи сўзана», «Сепли тўй», «Лайли ва Мажнун» спектаклларини намойиш этди. Бунда А. Жўраев, 3. Содиқова, З. Содиқов, Р. Мансуров, Б. Нуриддинов, Т. Нуриддинова, Ў. Султонов, Ш. Бобохонов, Ю. Комилов, К. Муслимова. Б. Тожиев сингари артистлар саҳна усталари даражасига кўтарилгани, мусиқали драма жанри бўйича О. Мавлонова, С. Шукурова, Л. Эгамбердиева, О. Муқимова, М. Эрматов, Ў. Султонов, У. Маҳмудов сингари ижрочилар театрнинг етакчи вокал кучлари экани кўзга ташланди. 50—60й. лар театрга Юрий Станкевич (реж.), И. Пўлатов, П. Саидқосимов, Т. Қурбонов, Г. Нурхонов, Ш. Самандаров, Н. Тошканбоева, А. Тошканбоев, М. Аҳмедов, О. Беганжиев, К. Насриддинов, Р. Жўрақулова, Т. Қудратов, Н. Комилов, Т. Ҳакимов, С. Ҳакимовларнинг келиб қўшилиши театр ижодий баркамоллигини таъминлади. «Гирдоб», «Парвона», «Аяжонларим», «Дилором», «Тўй», «Нодира», «Қиз қалъаси», «Фароғат», «Фарғона ҳикояси», «Қалтис ҳазил», «Оқпадар», «Ганг дарёсининг қизи», «Отелло», «Қиёмат қарз», «Қароқчилар», «Одам туғилди», «Серташвиш кексалик», «Сарвқомат дилбарим», «Эзоп», «Тентак», «Хийлаи шаръий», «Майсаранинг иши», «Меҳмон», «Бандаи гумроҳ» («Она кураж»), «Сада остидаги муҳаббат» («Муҳаббат фожиаси»), «Тубанликда», «Исқирт сатанг», «Инсонликка номзод», «Номи ўчсин!», «Беш кунлик куёв», «Прокурор» каби мусиқали ва соф драматик асарлар 60 — 70й. ларда яратилди. Бу асарларни 3. Содиқова, М. Толипов, Ж. Маҳмудов каби реж. лар саҳналаштирдилар ва К. Насриддинов, Б. Исмоилов, А. Даминова, Ш. Самандаров, О. Жўраев, P. Жўрақулова, М. Аҳмедов, Т. Қурбонов каби артистлар етакчилик қилдилар. Театр 1991 й. да Давлат опера ва балет театри билан бирлаштирилиб мусиқали драма театри деб юритила бошлади.

Мустақиллик йиллари «Сарҳовузнинг бўйларида», «Гуноҳсиз гуноҳкорлар», «Имом Бухорий», «Қитмир», «Самарқанднома», «Беҳбудий», «Спитамен», «Оқибатли қўшнилар» каби йирик драмалар билан бирга «Нодирабегим», «Алпомиш», «Чимилдиқ», «Равшан ва Зулхумор», «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмалари, «Самарқанд афсонаси», «Ипак йўли», «Хоним ва безори» балетлари, болалар учун «Кичкинтой ва Карлсон», «Гўзал Василиса», «Уч чўчқача», «Аклли қуёнча», «Сеҳрли сандиқ», «Чандининг саргузаштлари» мусиқали эртаклар давр руҳи асосида саҳналаштирилди. Труппада Р. Жўрақулова, Б. Раҳимов, А. Қурбонов, Т. Очилтошев, Т. Пардаев, 3. Турғунбоева, С. Саидова, Б. Исломов, Д. Рахимова, М. Ҳакимова, Ш. Санақулов, Ж. Ёрқулов ва б. театрнинг етакчи актёрларидир. Театрнинг бош дирижёри — Шарофиддин Жумабоев. Театрнинг бош рассоми — Даврон Сафоев.

Тошпўлат Турсунов, Бурҳон Исломов.