САМАРҚАНД

САМАРҚАНДСамарқанд вилоятидаги шаҳар. Вилоятнинг маъмурий, иқтисодий ва маданий маркази (1938 й. дан). 1925—30 й. ларда Республика пойтахти. Ўзбекистоннинг жан. ғарбида, Зарафшон водийсининг ўрта қисмида (Дарғом ва Сиёб каналлари орасида) жойлашган. Ўртача 695 м баландликда. Тошкентдан 300 км. Сдан Тошкент — Душанба, Тошкент—Туркманбоши, Тошкент—Учқудуқ—Қунғирот т. й. лари, Катта Ўзбекистон тракты (Тошкент — Термиз йули) ўтади. Шаҳар аҳолиси ва хўжаликлари Шовдор, Боғишамол арикларидан сув олади. Июлнинг ўртача т-раси 25,9°, энг юқори тра 40—42°, янв. нинг ўртача т-раси 0,2°, энг паст тра —26°. Майд. 0,09 минг км2. Молиси 383,3 минг киши (2004); 1975 й. 299 минг, 1970 й. 267 минг, 1959 й. 196 минг, 1939 й. 136 минг, 1897 й. 55 минг, 1865 й. 26 минг. Самарқанд шаҳар Кенгашига қарашли 4 шаҳарча (Ингичка, Кимёгарлар, Фарҳод, Хишров) мавжуд.

Тарихий ёзма манбаларда Самарқанднинг ёши қадимийлиги тўғрисида маълумотлар бор. Муҳаммад ан Насафий «алҚанд фий зикри уламои Самарқанд», Хайдар асСамарқандий (12-а.) «Қандияи Хурд», Абу Тоҳирхожа Самарқандий «Самария», Хитой тарихчиси Чжан Цян, юнон ва римлик тарихчилар Арриан, Курций Руф ва б. кўплаб муаллифларнинг асарларида бу ҳақда ёзиб ўтилган. Шу боис ўрта асрлардан Шарқда оммалашиб кетган мақоллардан бирида «Ғарбда Рим, Шаркда Самарқанд» дейилган. Самарқанд ва Рим инсоният такдиридаги буюк хизматларини назарда тутиб «Боқий шаҳарлар» номини олганлар. Халқибораси «Самарқанд сайкали рўйи заминает» [Самарқанд ер юзининг сайқали (жилоси)] бехуда айтилмаган. Амир Темур С. ни ўзгача меҳр билан қадрлади, обод қилди, дунёнинг сайқалига айлантирди.

«Самарқанд» сўзининг келиб чиқиши тўғрисида бир қанча тахмин ва гипотезалар мавжуд. Шарқ муаллифлари «Самарқанд» сўзининг биринчи қисми, яъни «Самар» сўзи шу шаҳарга асос солган ёки шаҳарни босиб олган кишининг номи деб ҳисоблаб, бир қанча сунъий таърифларни таклиф этдилар. Бирок тарихда бундай исмли киши тўғрисида маълумотлар аниқланмаган. Сўзнинг иккинчи қисми «кент» (канд) — қишлоқ, шаҳар деган маънони билдиради. Баъзи европалик олимлар, бу ном қадимдан қолган, санскритча «Samarya»ra яқин, яъни «йиғилиш, йиғин» сўзидан келиб чиққан деб изохлайдилар. Антик муаллифларнинг асарларида шаҳар Мароканда деб аталган . Бу ҳақиқатга анча яқин бўлиб, Мароканда — Самарқанд атамасининг юнонча айтилишидир. 11а. олимларидан Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Кошғарий шаҳар номининг келиб чиқишини «Семизкент», яъни «семиз қишлоқ» сўзининг бузиб талаффуз қилиниши деб тушунтирадилар.

Самарқанд жаҳоннинг энг қад. шаҳарларидан бири — 2700 й. дан ортиқ тарихга эга. Самарқанд мил. ав. 4-а. дан мил. 6-а. гача Суғд давлатининг пойтахти бўлган. Археологик қазишмалардан маълум бўлишича, юқори палеолит даврида ҳам Самарқанд ҳудудида одамлар яшаган (қ. Самарқанд макони). Рим тарихчиси Квинт Курций Руфнинг (мил. ав. 1-а. охири — мил. 1-а.) ёзишича, Самарқанд қалъаси деворининг айланаси тахм. 10,5 км бўлган. Мил. ав. 329 й. македониялик Александр (Искан дар Мақдуний) қўшинлари Самарқандни вайрон қилган. Самарқанд 6-а. да Турк хоконлиги таркибига кирган ва маҳаллий ҳокимлар томонидан бошқарилган. 7-а. бошидан Зарафшон водийси С. хркимлари қўл остига ўтган. Бу даврда С. Ҳиндистон, Эрон, Миср ва Византия давлатлари билан савдосотиқ қилган. Кутайба ибн Муслим бошчилигидаги араб қўшинлари 712 йилда Самарқандни эгаллаган. Қўзғолон кўтарган шаҳар аҳолисининг бир қисмини қириб ташлаган. Аттабарий келтирган маълумотга кўра, самарқандликлар шаҳристон (ички шаҳар)ни арабларга бўшатиб беришга мажбур бўлганлар. Араблар шаҳристонда масжид ва минбар қурганлар. Маҳаллий аҳолидан тортиб олинган қимматбахр буюмлар ва олтин, кумуш билан безатилган санамлар (хилат уласном) ни эритиб 10 минг мисқол қимматбаҳо металл олинган. 776—83 й. ларда арабларга қарши Муқанна бошчилигида қўзғолон кўтарилган (қ. Муқанна қўзғолони). Арабларга қарши кўтарилган қўзғолонларни бостиришга фаол қатнашган маҳаллий заминдор аҳоли вакиллари 9-а. 20 й. ларидан Мовароуннахр ва вилоятларини бошқаришга тортилди, жумладан, Самарқандни бошқариш Сомонийлар қўлига ўтди. Ўша вақтдан Самарқанд — Сомонийлар давлатининг пойтахти бўлди. 887 й. дан биринчи марта сомонийлар кумуш тангалари Самарқандда зарб қилина бошлади. Сомонийлар пойтахти Бухорога кўчирилгандан (889) сўнг ҳам С. Мовароуннаҳрнинг энг йирик хунармандчилик ва савдо марказларидан бири бўлиб қолди. 11 а. дан Самарқанд Қорахонийлар давлати таркибига кирган. 11-а. да Самарқандни Салжуқийлар босиб олган. 12-а. дан Қорахитойларга тобе бўлган. 1210 й. дан Муҳаммад Хоразмшоҳ давлати таркибида. 1212 й. самарқандликлар Хоразмшоҳга қарши қўзғолон кўтарган. 1220 й. Чингизхон қўшинлари Самарқандга бостириб кириб, шаҳарга ўт қўйган ва аҳолининг кўп қисмини кирган, қолганлари шаҳарни тарк этиб омон қолган. Бир неча йилдан сўнг С қайта тиклана бошлаган. 13-а. нинг 2-ярмида Самарқандга келган венециялик сайёҳ Марко Поло «Сонмаркон капа ва машхур шаҳар» деб ёзган. Мўғуллар ҳукмронлиги даврида Самарқанд Чиғатой улуси таркибида бўлган.

14-а. ўрталарида Мовароуннаҳрда мўгулларга қарши халқҳаракатлари бўлиб ўтди. Сарбадорлар қўзтлони натижасида шаҳарда бир неча ой халқ ҳокимияти ўрнатилди. 14-а. охири ва 15-а. да Самарқанд нингиқгисодий-сиёсий ва маданий ҳаёти анча юксалди. Амир Темур салтанати пойтахти сифатида Самарқанд жаҳонга машҳур бўлди. Бу даврда Самарқанд кўпгина Шарқ ва Европа давлатлари билан савдо алоқалари ўрнатган. Самарқандда кўплаб ҳашаматли меъморий иншоотлар қурилган. Йирик шарқшунос олим В. В. Бартольд таъкидлаганидек, Амир Темурнинг фикрига кўра, С жаҳоннинг биринчи шахри бўлиши керак эди. Амир Темур вафоти (1405)дан сўнг Самарқанд тахтини Улуғбек эгаллади. Улуғбек даврида Самарқандда қурилишлар авж олди. Қўшни давлатлар билан алоқалар кучайди. 15-а. охирида Самарқандни Заҳириддин Муҳаммад Бобур эгаллади (1497). 1500 й. Шайбонийхон С. ни деярли урушсиз босиб олди. 16-а. ўрталаригача Самарқанд Шайбонийлар давлатининг пойтахти бўлиб турди. Ўша вақгдан рус босқинига қадар (1868) Бухоро хонлиги (амирлиги) таркибқда бўлиб кедди. 1723 — 30 й. ларда қозокдар босқини даврида катта талофат кўрди. 1740—47 йларда Нодиршоҳга тобе бўлди. 17-а. нинг 1-ярмида олчин уруғидан чиққан ўзбек ҳарбийзаминдорларининг йирик вакили Ялангтўш Баҳодир С. ҳокими бўлган. 1758—1868 йларда эса Самарқанд Бухоро амирлигига итоат қилган.

1868 й. 1 майда Самарқанд яқинидаги Чўпонота тепалигида рус подшоси қўшинлари билан самарқандликлар ўртасида қаттиқжанг бўлди. Самарқанд аҳолиси шаҳарни босқинчилардан мардонавор ҳимоя қилдилар. Ниҳоят руслар катта талофатлар бериб шаҳарни 2 майда эгалладилар. Кейинчалик Самарқанд ва Каттақўрғон бекликлари бирлаштирилиб, Зарафшон округи тузилди. Сўнгра унга Панжакент ва Зарафшон водийси юқорисидаги тоғли р-нлар ҳам қўшилди. 1886 й. Зарафшон округи Самарқанд вилоятига айлантирилди. Самарқанд унинг маъмурий ва савдо марказига айланди. Ўша вақтдан бошлаб, шаҳарда янги типдаги бинолар курила бошлади, янги саноат корхоналари қад кўтарди. 20-а. бошига келиб Самарқанд даги корхоналар, т. й. устахоналарида ишчилар сони кўпайди. 1917 й. 5 дек. да Самарқандда ҳокимият шўролар қўлига ўтди. 1918 й. 11 апр. да Самарқандда шўроларнинг вилоят съезди бўлиб, съездда Туркистон Мухтор Республикаси тузилиши эълон қилинди. 1925—30 й. ларда С. Ўзбекистон пойтахти бўлиб турди. 1991 й. Ўзбекистон мустамлакачилик асоратидан қутилиб, мустақилликка эришгач, Самарқанд республиканинг йирик маданий марказига айланди.

Самарқандни археологик жиҳатдан ўрганиш ишлари 19-а. нинг охирларида бошланган эди. 1895 й. да шарқшунос олим В. В. Баршольдшшт ташаббуси билан тузилган «Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги» аъзолари Самарқанд даги Афросиёбни кўп асрлар хазинаси деб қараб, унда кенг кўламдаги археологик қазишма ишларини олиб бордилар. В. Л. Вяткин, Н. И. Веселовскийпар ўтказган археологик қазишмалар натижасида турли хилдаги қад. буюмлар топилиб музейга берилди. 1908 й. да В. Л. Вяткин С. чеккасида жойлашган Улуғбек расадхонасининг ўрнини аниқлади ва қазиш ишларини ўтказди. Натижада расадхона харобаси ҳамда унинг ер остидаги бутун қолган қисми қазиб очилди. Ўша даврдан бошлаб Ўрта Осиё халқларининг қад. маданий меросини ўрганишда дастлабки қадамлар қўйилди. 1912—13, 1929—30 й. ларда В. Л. Вяткин, 1912 й. М. Е. Массон Афросиёбда қазиш ишларини олиб бордилар. А. И. Тереножкин 1945—48 й. ларда С 2500 йиллик тарихга эга деб белгилади; шаҳар тарихи даврлаштирилди.

1950й. лардан бошлаб Афросиёбда мунтазам археологик қазишмалар ўтказиш, айниқса, 1958 й. дан В. А. Шишкин раҳбарлигида, 1966 й. дан бошлаб эса Я. Ғ. Ғуломов бошчилигида фаоллашди. Афросиёбни ўрганиш ишлари кўламини кенгайтириш мақсадида, 1966 й. да доимий ҳаракатдаги Афросиёб комплекс археология экспедицияси ташкил этилди. 1970 й. да Самарқандда Ўзбекистон ФАнинг мустақил Археология ин-ти ташкил этилиши Самарқанд даги археологик қазишмаларни янада кенг кўламда олиб боришга имконият яратди. Археологик қазишмалар натижасида Самарқанднинг ёши аникланди ва 1970 й. да шаҳарнинг 2500 й. лик юбилейи кенг нишонланди. 1971—77 й. ларда Ш. Тошхўжаев, 1978—85 й. ларда Г. В. Шишкина қазишма ишларини олиб бордилар. Мустақиллик йилларида археологик қазиш ва и. т. ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида франциялик акад., шарқшунос археологлар Поль Бернар ва Франц Грене, ўзбек археолог олимлари проф. М. Исомиддинов, А. Анорбоев ва тадқиқотчи А. Отахўжаевлар билан ҳамкорликда ишладилар. Натижада, Афросиёбдаги энг қуйи маданий қатламларни ўрганиш жараёнида ер сатҳидан 10—15 м чуқурликда мил. ав. 9—7-а. ўрталарига оид ашёлар топилди. Булар қўлда ясаб рангли нақш берилган сопол идишларнинг парчалари ва шунингдек, гуваладан тикланган 7 м қалинликдаги мудофаа девори қолдикларидир. Афросиёбнинг 19 гектарлик арк қисми девор билан бутунлай ўраб олинган. Афросиёбнинг бошқа жойлари ҳам текшириб кўрилганда қуйи қатламларидан шунга ўхшаш ва мил. ав. 9—8-а. ларга оид ашёлар топилди.

Афросиёбдан топилган ушбу намуналар Францияда радиокарбон тадқиқот усулида ўрганилиб, улар мил. ав. 8-а. га, аниқроғи 2750 ёшга тааллуқлилиги исботланди.

Самарқанд бунёд бўлганидан буён у Ўрта Осиёнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида катта мавқега эга бўлиб келди. Шаҳарнинг Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашганлиги, бу ерда қадимдан ҳунармандчиликнинг шойи тўқиш, машҳур Самарқанд қоғози и. ч., кулолчилик, темирчилик, новвойлик, қандолатчилик, бадиий каштачилик ва б. турлари ҳамда савдосотиқ ишларининг ривожига туртки бўлди. Самарқандда қадимдан равнақ топган ҳунармандчилик турлари маҳаллагузарларнинг номларида сақланиб қолган, мас. «Сўзангарон» (игна тайёрловчилар), «Камонгарон» (ўқёй ясовчилар) ва б. номлар ҳоз. кунгача етиб келган.

1841—42 й. ларда Бухорога Россия элчиси қилиб юборилган шарқшунос Н. В. Ханиковнинг ёзишича, ўша вақтда Самарқанд баланд девор билан ўралган бўлиб, унинг 6 та дарвозаси: Бухоро, Пайкобод, Шоҳизинда, Қаландархона, Сўзангарон, Хожа Аҳрор бўлган. Кечалари шаҳарга кирибчиқиш тақиқланган. Шаҳар деворининг айланаси 13,9 км, унинг умумий майдони эса 10,4 км2ни ташкил қилган. Шаҳарда жуда кўп боғ, ариқзовур ва ҳовузлар, иккита ғиштин карвонсарой ва учта ҳаммом (2 таси Хожа Ахрор хаммомлари, биттаси Мири ҳаммоми) фаолият кўрсатган. Кўчалар шаҳарнинг 6 та дарвозасини Регистон майдони билан боғлаган. Бибихоним масжиди билан Чорсу ўртасидаги кўча анча серқатнов бўлган. Қўрғон шаҳарнинг ғарбий қисмида бўлиб, унинг уз. 3,2 км ли ташқи девори ва иккита дарвозаси бўлган. Қўрғонда ҳоким саройи, сипоҳилар яшайдиган уйлар жойлашган. Шаҳар аҳолисининг сони 25—30 мингга етган.

Самарқанднинг европача типдаги қисмини қуриш ишлари 1871 й. да бошланди. Ўша вактда округ губернатори генерал Абрамовнинг буйруғига мувофиқ, маҳаллий аҳолининг ер участкалари мусодара килиниб ва сотиб олиниб, офицерлар хамда амалдорларга, кичик ҳарбий лавозимдаги оилали кишиларга, ва, мустасно тариқасида, рус савдогарлари ҳамда мешчанларга бўлиб берилган. Кичик лавозимдаги ҳарбийларга «Солдатская слободка» деб аталувчи шим. ғарбий булук ажратилган. Ўша даврда Эски ва Янги шаҳар ўртасида хиёбон ва боғ барпо этилди, харбий губернатор уйи, казармалар, офицерлар мажлис ўтказадиган бино қуридди. Подшо Россияси мустамлакачилиги даврида Сда бир нечта кайта ишловчи майда корхоналар вужудга келди. Шаҳарда 34 пахта тозалаш, 20 вино, бир неча спирт, пиво з-длари, тегирмонлар ишлаган. Металлни кайта ишлаш з-дида бир қанча пресслаш, 2 та йўнувчи, 2 та винт кесиш станоги бўлиб, чўян буюмлар, занжир, ўроқ, паншаха, кетмон, болта каби буюмлар ишлаб чикарилган. Самарқанд — аҳолисининг сони ва саноатининг кўлами бўйича Ўзбекистонда етакчи ўринлардан бирида. 1930й. ларда пиллакашлик ва шойи тўқиш ф-калари, мева консерва з-ди, чой қадоқлаш ф-каси қурилди. 1940—70 й. ларда Самарқандда «Красный двигатель», «Кинап», тамакиферментация з-длари, йигирув ф-каси, суперфосфат з-ди, пойабзал ва тикувчилик ф-калари, уйсозлик к-ти, чинни з-ди ва б. корхоналар қуриб ишга туширилди.

Шўро даврида шаҳарнинг европаликлар яшайдиган қисми обод қилинди, аҳолиси ҳам кўчиб келувчилар ҳисобига ортиб борди. Эски шаҳар қисми эса ўз ҳолича ташлаб қўйилди, кўп меъморий ёдгорликлар қаровсиз қолиб, хароба ҳолига келиб қолди.

Мустақиллик йилларида Самарқандда саноат корхоналари қайта жиҳозланди. Уларда бозор талабига мос маҳсулотлар и. ч. амалга оширилди. Саноатнинг асосий қисми хусусийлаштирилди. Аксарият йирик, ўрта корхоналар негизида акциядорлик жамиятлари тузилди. Кўплаб қўшма корхоналар ташкил қилинди. Самарқанд вилоятидаги мулкчиликнинг барча турига оид 135 йирик саноат корхоналарининг асосий қисми Самарқандда жойлашган. Булар «СамКочАвто» (автобус ва юк машиналари ишлаб чиқарилади), «Алпомиш» (тракторлар, гильзапоршенлар), «Тажрибамеханика» (пармалаш ускуналари), «Кинап» (киноаппаратура), автомобиллар учун электротехника асбобускуналари з-длари, уйрўзғор совиткичлари корхонаси, суперфосфат, аммофос ўғитлари, сульфат кислотаси ишлаб чиқарадиган суперфосфат з-ди, лифтсозлик, мармар тахталар, ғишт, асфальтбетон з-дларидир.

Шаҳардаги енгил саноат корхоналаридан пиллакашлик, шойи тўқиш, трикотаж, тикувчилик, мебель, пойабзал ф-калари, чинни з-ди фаолият кўрсатади. Озиқовқат саноатида: ун-тегирмон, макарон, чой қадоқдаш, сутмой, меваконсерва, вино, пиво, спиртарақ ва алкоголем ичимликлар, қандолат ширинликлари ишлаб чиқарадиган корхоналар мавжуд.

Самарқанд вилоятида мустақиллик йилларида қурилган қўшма корхоналарнинг асосий қисми Самарқандда жойлашган. Булар: Ўзбекистон—Туркия «СамКочАвто», Ўзбекистан—Америка—Англия «UzBAT», Ўзбекистон—Чехия «Прага» (минерал сув қадоклаш), Ўзбекистон— Латвия «Бравосут» қўшма корхоналари ва б. Шаҳар корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг аксари қисми чет элларга экспорт қилинмоқда. Шаҳарда минглаб кичик ва ўрта бизнес субъектлари, хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар бор. Самарқандда 25 дан ортиқ йўналишда автобуслар қатнайди. Троллейбус қатнови йўлга қўйилган. Шаҳар Тошкент халқаро аэропорти авиалиниялари орқали Республика вилоятлари ва хорижий давлатлар билан боғланган. 2003 й. 30 декабрдан йўловчилар ташувчи Тошкент — Самарқанд электр поезди ишга туширилди.

Самарқанд қадимий тарихи ва меъморий ёдгорликлари туфайли бутун дунё тан олган ҳақиқий музей шахрига айланди. Шу боис республика ҳукумати қарори билан 1982 й. да Самарқанднинг Афросиёб шаҳристони, ўрта асрларда бунёд этилган меъморий ёдгорликлар ва 19—20-а. ларда қурилган «Янги шаҳар»даги бинолар, тарих ва ўлкашунослик музейлари асосида «Самарқанд давлат бирлашган тарихиймеъморий музейқўриқхонаси» тузилди. Ўша йилда шаҳарнинг тарихий кисмини муҳофазалаш чегаралари белгиланди.

Самарқанднинг меъморий-тарихий ёдгорликлари 2001 й. да ЮНЕСКОнинг Финляндияда ўтказилган 25сессиясида Жаҳон мероси рўйхатига киритилди.

Самарқандда 73 та йирик тарихий меъморий ёдгорлик: Регистон ансамбли, Шоҳи Зинда ансамбли, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Бибихоним жоме масжиди, Руҳобод мақбараси, Абдидарун мажмуаси, Хожа Аҳрор масжиди, Ҳазрати Хизр масжиди ва б. сақланган. Ўзбекистон Республикаси президенти И. А. Каримов ташаббуси билан Самарқандда Абу Мансур алМотуридий асСамарқандий дафн этилган Чокардиза қабристони ҳудудида Мотуридий ёдгорлик мажмуи мозорига мақбара қурилди, кабристон обод этилди, Бурҳониддин Марғиноний вафотининг 800 йиллиги (1997), таваллудининг 910 йиллиги (ҳижрий сана бўйича) (2000) кенг нишонланди (Самарқанд ш. даги Чокардиза кабристонига дафн этилган). Самарқанднинг марказий майдонига Амир Темур ҳайкали ўрнатилди. Шаҳардаги тарихий обидалар Хитой, Ҳиндистон, Юнонистон (Афина), Италия (Рим) ёдгорликлари каби ўзининг гўзаллиги билан эътиборни ўзига тортади. Самарқандга ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб сайёхлар келиб кетадилар. Меҳмон ва сайёхларга хизмат кўрсатувчи: «Афросиёб», «Самарқанд», «Зарафшон», «Богишамол», «Марказий», «Президент отель» каби меҳмонхоналар қурилган. Сайёхларга «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг Самарқанд бўлими ходимлари хизмат кўрсатадилар.

Самарқанд даги олий ўқув юртлари (унт, тиббиёт, қ. х., иктисодиёт ва сервис, меъморликқурилиш ва чет тиллар интлари)да 19,1 минг талаба ўқийди. 2002/ 2003 ўкув йилида шаҳардаги 36 та ўрта махсус билим юрти, коллеж, академик лицей ва интернат мактабларида 25,7 минг, 67 умумий таълим мактабида 76,7 мингга яқин ўқувчи таълим олди.

Шаҳар республиканинг йирик фан марказларидан бири. Самарқандда педагогика академияси асосида ташкил топган СамДУ катта мавқега эга. Қоракўлчилик, Исаев номидаги паразитология ва гельминтология (1925), Шредер номидаги боғдорчилик, токчилик ва виночилик, археология илмий тадқиқот интлари, Ўзбекистон ФАнинг Самарқанд бўлими турли йўналишдаги и. т. ишларини олиб бормоқдалар.

Самарқандда 4 оммавий кутубхона, Самарқанд бадиий музейқўриқхонаси, 3 театр (Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилояти ўзбек давлат мусикали драма театри, А. П. Чехов номидаги рус драма театри, қўғирчоқ театри), шаҳар телестудияси фаолият кўрсатади. «Самарқанд» газ. чиқади. Шаҳарда 1566 ўринли 11 касалхона, 348 стационарда 1561 малакали врачлар хизмат кўрсатадилар. Чўпонота тепалиги ёнида дам олиш уйи, Марказий, Сўғдиёна маданият ва истироҳат боғлари, болалар «Афсона» аквапарки, кўплаб стадион, теннис кортлари, «Дельфин» сузиш мажмуи бор.

Самарқанд заминида машҳур донишмандлар, алломалар вояга етган, жумладан, Улуғбек Самарқандда мунажжимлар мактабига асос солди, Мадраса ва расадхоналар қурди. Унинг атрофида бутун бир илмий маскан — Улуғбек академияси таркиб топди. Бу академияда Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи каби машҳур олимлар етишиб чиқди. Улуғбек академиясида амалга оширилган ишлар жаҳон фан оламида тан олинди.

16—17-а. ларда Самарқандда Мирам Чалабий, Мулло Абдулали Назмуддин ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Биричандий, Амир Акбар Самарқандий, Дўстий Самарқандий, Кошифий Самарқандий, Мир Жалолиддин Хоразмий, Мавлоно Абдулхайр Самарқандий ва ш. к. кўплаб фан ва маданиятнинг машҳур намояндалари ижод этганлар.

Самарқанд шаҳрида ҳоз. кунда халқаро миқёсдаги турли анжуманлар ўтказилмоқда. Айниқса, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг Самарқандда ўтказилиши муҳим аҳамиятга эгадир.

Ватанимиз тарихида тутган беқиёс ўрни, самарқандликларнинг асрлар давомида миллий фан ва маданиятимизни ривожлантиришга қўшган буюк ҳиссасининг эътирофи сифатида Самарқанд «Амир Темур» ордени билан мукофотланди (1996 й. 28 авг.). Орденни 1996 й. 18 окт. да ЎзР Президента И. А. Каримов топширди.

Манбалар ва ад.: Самарқанд тарихи, Т., 1—2 ж., 1971; Самарқанд (проф. З. М. Акрамов таҳрири остида), Т., 1961; Самарқанд шаҳри тўғрисида статистик маълумотлар, С, 2002,Умняков И. И., Алескеров Ю. Н., Самарқанд (справочникйўлкўрсаткич), Т., 1968; Пугаченкова Г. А., Очиқ осмон остидаги музей, Т., 1981; Зоҳидов П., Самарқанд меъморлик мактаби (19— 20аср бошлари), Т., 1965; Бартольд В. В., История Самарқанда при Тимуридах. Соч., том 6, М, 1966; Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И., Выдающиеся памятники архитектуры Ўзбекистана, Т., 1959; Якубовский А. Ю., Из истории археологического изучения Самарқанда, Самарқанд, 1927; Шишкин В. А. Калаи Афрасияб, сб. «Афрасияб», вып. №1, Т., 1969; Шишкин В. А., Афрасияб — сокровищница древней культуры, Т., 1966.

Аҳмадали Асқаров, Тошпўлат Жумабоев, Орзимурод Раҳматуллаев.

Loading...