САН-МАРИНО

САН-МАРИНО (San Marino) , СанМарино Республикаси (Repubblika di San Marino) — Жан. Европада, Апеннин я. о. да, Адриатика денгизи соҳилидан 13 км узоқликда жойлашган давлат. Италия ҳудуди билан ўралган. Майд. 61 км2. Ахолией 27730 киши (2002). Пойтахти — СанМарино ш. Маъмурий жиҳатдан 9 округ (қўрғон)га бўлинган.

Давлат тузуми. Сан-Марино — республика. Амалдаги конституцияси («Статут» — С. М. Республикаси давлат тузилиши тизими тўғрисидаги қонунлар мажмуаси) 1600 й. 8 окт. да маъқулланган. Кейинчалик унга тузатишлар киритилган. Катта Бош Кенгаш томонидан 6 ой муддатга сайланадиган икки капитанрегент давлат бошлиғй вазифасини бажаради. Қонун чиқарувчи олий орган — Катта Бош кенгаш (бир палатали парламент). Ижроия ҳокимиятни капитанрегентлар Давлат конгресси (ҳукумат) билан биргаликда амалга оширади.

Табиати. Сан-Марино — тоғли мамлакат, Апеннин тоғлари этагидаги Титано тоғи (бал. 738 м) ён бағрида жойлашган. Олтингугурт кони бор. Иклими Ўрта денгизга хос, субтропик (энг иссиқ ойда ўртача тра 23°, энг совуқ ойда 2,5°), қишда баъзан қор ёғади. Ўртача йиллик ёғин — 800—900 мм. Субтропик ўсимликлар, эман ва каштанзорлар бор. Қуш кўп.

Аҳолиси — асосан, санмариноликлар. Расмий тилитальян тили. Аҳолисининг 15%га яқини чет элларда, асосан, Италияда, шунингдек, Франция ва АҚШда яшайди. Шаҳар аҳолиси 89,3%. Диндорлари — католиклар. Йирик шаҳарлари: СанМарино, Серравалле, БоргоМажоре.

Тарихи. С. М. Европадаги қад. давлатлардан ҳисобланади: тарихи 301 й. дан бошланади. Ривоятларга қараганда, унга Далмациядан қочиб келган христиан динидаги тошкесар Марино асос солган (кейинчалик уни авлиё деб аташган, «сан» олд қўшимчаси шундан келиб чиққан). Биринчи бор СанМарино Республикаси номи 10-а. хужжатларида қайд этилган. 1740 й. Рим папаси республика мустақиллигини тан олган. Ягона Италия давлати ташкил этилгач (1861), С. М. 1862 й. да Италия билан дўстлик ва тотув қўшничилик тўғрисида шартнома тузган. 1923 й. СМ. да ҳокимиятни фашистлар эгаллади. 2-жаҳон урушида Сан-Марино бетарафлик эълон қилган бўлсада, 1944 й. 4 сент. да немис фашистлари уни босиб олди, аммо тез орада озод қилинди. Урушдан кейинги йилларда мамлакат мухим халқаро туризм масканларидан бирига айланди. Сан-Марино — 1992 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 3 сент. — Республикага асос солинган кун (301).

Асосий сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. С. М. социалистик партияси, 1896 й. тузилган; С. М. христиандемократик партияси, 1945 й. ташкил этилган; Демократлар партияси, 2000 й. тузилган; С. М. коммунистик ўзгартириш партияси; С. М. тараққийпарвар демократик партияси, 1990 й. асос солинган; С. М. миллий уюшмаси, 2001 й. ташкил этилган. Сан-Марино меҳнаткашлари демократик конфедерацияси, 1957 й. тузилган; С. М. меҳнат конфедерацияси, 1945 й. асос солинган.

Хўжалиги. Сан-Марино саноати ва ҳунармандчилиги ички эҳтиёж ва чет эл сайёҳларига хизмат қилишга ихтисослашган (1 й. да 3 млн. сайёҳ келиб кетади). Бундан ташқари, тўқимачилик, цемент, қоғоз, кўнчилик, металл ишлаш, кимё, мебель, керамика, виночилик, ун, ёғ и. ч. корхоналари ҳам бор. Ҳунармандчилик (эсдалик совғалар, қимматбаҳо тош ва ёғоч буюмлари и. ч.) ривожланган. Нумизматлар учун тангалар ва почта маркалари чиқарилади. Италиянинг машинасозлик ва б. фирмалари филиаллари бор. Қишлоқ аҳолиси, асосан, ғаллачилик (буғдой, маккажўхори), токчилик, чорвачилик билан шугулланади. Электрлаштирилган т. й. ва автомобиль йўли С. М. ни Италиянинг Римини ш. ва порти билан боғлайди, мамлакатнинг ташқи савдоси шу шаҳар орқали амалга оширилади. Четдан саноат хом ашёси, энергия манбалари, озиқ-овқат олади, четга вино, машинасозлик ва кимё маҳсулотлари, сувенирлар чиқаради. Пул бирлиги — Италия лираси.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Нашр этиладиган асосий газ. лар: «Аргоменти» («Далиллар», ойлик газ.), «Нуово Титано» («Янги Титано», 2 ҳафтада бир марта чиқадиган газ., 1902 й. дан), «Прогрессе» («Тараққиёт», ойлик газ., 1944 й. дан), «СанМарино» (2 ҳафтада бир марта чиқадиган газ., 1948 й. дан). Миллий ахборот агентлиги йўқ. «СанМарино РТВ» радиотелевизион хизмати (1991 й. дан) ва «Радио Титано» радио ст-яси бор.

Меъморлиги ва санъати. Девор билан ўралган пойтахтдаги ёнмаён курилган 1—3 қаватли уйлар тоғ қияликларида терраса ҳосил қилиб жойлашган. СанМарино ш. да 13 — 16-а. ларга оид минорали шаҳар деворлари (Иль Монтале, 13а.), Ла Рокка (11-а.) ва Ла Честа (15-а.) қўрғонлари қолдиқлари сақланган. Ўрта асрлар ва Уйғониш даврига оид бино ва черковлар 18—19-а. ларда кўп марта таъмирланганлиги сабабли дастлабки қиёфаси ўзгариб кетган. 14—17-а. ларда яратилган санъат асарлари намуналари сақланиб қолган. Тош ўймакорлиги ва керамика амалий безак санъатининг анъанавий турларидир. Сан-Маринода Давлат кутубхонаси, Давлат архиви; Давлат музейи, Давлат расмлар галереяси, Қад. қуроллар музейи бор.

Loading...