САНЧИҚ

САНЧИҚқорин бўшлиғи аъзолари касалланганда тўсатдан пайдо бўладиган оғриқ хуружи. Бунда шу аъзолар мускуллари узок, вақт қисқариши натижасида қисилиш вужудга келиб, кучли оғриқ кузатилади. Ичак, жигар, меъда ости бези, буйрак С. лари фарқ қилинади.

Кўпроқ ичак санчиғи учрайди. Бадҳазм овқатларни кўп истеъмол қилиш, ички аъзолардаги яллиғланиш жараёнлари, операциялардан кейин ҳосил бўлган чандиқ, гижжалар бўлиши, ичакда ачиш ва бижғиш жараёнларининг кучайиб, ел тўпланишидан пайдо бўлади. Кўричакнинг чувалчангсимон ўсимтасига хос соҳа ва тўғри ичак санчиғи тафовут қилинади. Ўсимтага хос соҳа санчиғида қориннинг пастки ва ўнг томонида кучли оғриқ бўлади; тўғри ичак санчиғида тезтез такрорланиб турувчи оғриқ, ич келишига сохта мойиллик кузатилади. Ичак санчиғи кўнгил айниши, қусиш, қориннинг дам бўлиши ва деворининг тарангланиши, тўлғоқсимон оғриқ билан кечади.

Жигар санчиғида оғриқ қовурға ости соҳасида пайдо бўлиб, қориннинг юқори қисмига, ўнг курак суяги остига тарқалади. Оғриқ хуружлари оғиз қақраши ва аччиқ тахир маза сезилиши, кўнгил айниши, қусиш, гавда т-расининг кўтарилиши билан ўтади. Бу — бир неча минутдан бир неча соатгача давом этиши мумкин (қ. Ўттош касаллиги).

Меъда ости бези санчиғида бел оғриб, орқага ҳам тарқалади (қ. Панкреатит). Буйрак санчиғида қорин ва бел соҳасида кучли оғриқ пайдо бўлиб, чов ва жинсий аъзоларга тарқалади, беморнинг тезтез сийгиси қистаб, сийганида ачишиб оғрийди. Оғриқ кучлилигидан бемор «ўзини қўйгани жой тополмай қолади». Бу хуружлар кўпинча оғир жисмоний иш қилгандан кейин, транспортдаги силкиниш, чайқалишдан сўнг кузатилиши мумкин.

Кучли оғриқ хуружлари вақтида врач чақириш, у келгунча оғриқ қолдирувчи дорилар ичирмаслик, иссиқ қилмаслик лозим.

Prev Article

САН-ХОСЕ

Next Article

САНЪАТ