САНГРУНТОВ ТОҒЛАРИ

САНГРУНТОВ ТОҒЛАРИҚизилқум чўлининг жан. шарқи (Навоий вилояти)даги тоғлар. Қозоқтов тоғларининг баланд қисми. Сангрунтов тоғлари шим. ғарбдан жан. шарққа 25 км чўзилган. Бал. 350—400 м, энг баланд жойи 613 м (шим. ғарбий қисмида). Жан. шарқ томон пасайиб боради. Тоғлар денудацион жараёнлар таъсирида кучли емирилган. Тектоник жиҳатдан антиклиналь структура. С. т. нинг баланддаги қисмлари палеозой даври сланец, қумтош, конгломерат, алевролит, оҳактош, мергель, гил, қум каби тоғ жинсларидан ташкил топган. Улар орасида гранит, диорит, гранодиорит ва б. тоғ жинслари тарқалган.

Иқлими кескин континентал, қиши совуқ, ёзи иссиқ. Йилига 100—150 мм ёғин тушади. Доимий оқар дарёлар йўқ. Сангрунтов тоғлари ён бағир ва этакларида сурқўнғир тупроқлар бор. Ўсимликлардан шувоқ, бурган, терескен, тошбурган, саксовул ўсади. Яйлов сифатида фойдаланилади.