САНОАТ ТЎНТАРИШИ

САНОАТ ТЎНТАРИШИ, саноат инқилоби — қўл меҳнатига асосланган мануфактура саноатидан машиналашган йирик индустрия (фка, зд)га ўтиш жараёнини ифодаловчи иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар тизими. Бу тушунча 19-а. нинг 2-ярмида А. Тойнби томонидан киритилган. Ст. ишлаб чиқариш машиналарининг ихтиро қилиниши ва қўлланилиши билан бошланди, машиналарни машина томонидан и. ч., яъни машина саноати (оғир саноат) пайдо бўлиши билан якунланди. Ст. фақат техникавий эмас, балки ижтимоийиктисодий бурилишдир, чунки у капиталистик муносабатларнинг тўла шаклланишига олиб келди. Мануфактура машина индустриясининг пайдо бўлиши учун шартшароит яратиб берди. Ст. қатор мамлакатларда капитализмнинг саноатдаги маълум ривожланиш босқичини ифодаловчи умумтарихий ҳодиса ҳисобланади, аммо мануфактурадан йирик машина индустриясига ўтиш шартшароитларининг етилиши жаҳон мамлакатларида ниҳоятда нотекис кечган.

Ст. 18-а. нинг 60й. ларидан дастлаб Буюк Британияда бошланди. Бу мамлакатда 17-а. да юз берган буржуа инкилоби янги жамият ривожи учун кенг йўл очди. Англиянинг кенг мустамлакачилик тизими ҳам Саноат тўнтаришига катта таъсир кўрсатди, мустамлака бойликлари саноатга қўйилди. Ст. барча мамлакатларда енгил саноатда бошланиб, оғир саноатнинг шаклланиши билан якунланган. Англияда ҳам дастлаб йигирув, кейинроқ тўқув машинаси ихтиро килинди ва ипгазлама корхоналарида қўлланилди ва саноат ривожида машиналар даврини бошлаб берди. Машиналар сони ўсиши металлга бўлган талабни кескин оширди. Металлургияда янги усулда чўян ва пўлат олиш ривожланди (домна печлари). Машиналарнинг катта иш тезлиги янги энергия манбаини талаб этди (аввалги энергия қўл, оёқ кучи, оқар сувлар). 1780 — 1820 й. ларда тўқимачилик саноати ҳажми 16 мартадан ортиқ ўсди. Тўкимачилик саноатида бошланган бу ўзгаришлар жун, каноп, ипак саноатига ҳам ўтди. Буғ машинасининг ихтиро қилиниши саноат энергетикасида бурилиш нуқтаси бўлди. Саноат ривожи, бозор алоқаларининг янада кенгайиши транспорт воситаларини такомиллаштиришни талаб этди. 19-а. нинг биринчи чорагида (1811) буғ двигателига асосланган энг арзон ва қулай пароход транспорти ишга тушди, 1814 й. Ж. Стефенсон паровозни ихтиро қилди. 1825 й. дан темир йўллар ишлай бошлади.

19асрнинг 20—30 й. ларида машина индустрияси мануфактура ва ҳунармандчилик устидан тўла ғалабага эришди. Англия йирик индустриал мамлакатга, яъни «дунё устахонаси»га айланди. Англияда бошланган Ст. кейинчалик байналмилал туе олди. Бу жараён Англиядан кейин Францияда (Буюк француз инқилобидан сўнг) бошланди, иккала давлат жаҳонда етакчи ўринни эгаллади. 19-а. нинг 60й. ларида Италия, Германия, АҚШ, Россия ва Японияда ҳам йирик саноатнинг ривожланиши тезлашди. 19а. охирида АҚШ ва Германия жаҳонда етакчи ўринни эгаллади.

Саноат соҳасида и. ч. машиналар тизимига кўчганидан кейин етакчи мамлакатларда қ. х. ҳам тўла механизациялаштирилди. Ст. кўпгина (айниқса, мустамлака) мамлакатларда анча кейин рўй берди. Ст. объектив, кўп жиҳатдан стихияли ривожланиш оқибати бўлиб, биринчидан, иқтисодиётнинг кескин ўсишига олиб келди, йирик саноат етакчи ўрнига чикди, иккинчидан, йирик синфий ва ижтимоий ўзгаришларга сабаб бўлди. Феодал ва ярим феодал муносабатлар емирилди, капитализм тизими узилкесил карор топди.

Ад.: Экономическая история, М., 1967; Чет эл капиталистик мамлакатларининг иқтисодий тарихи, Т., 1976.

Абдухалил Раззоқов, Эрлис Алиқулов.

Loading...