САНСКРИТ АДАБИЁТИ

САНСКРИТ АДАБИЁТИҲиндистон халқларининг умумий қад. давр адабиёти. Санскрит адабиёти ҳинд тадқиқотчиларининг фикрича, мил. ав. 4минг йилликлардан бошлаб шакллана бошлаган. Ушбу адабиётнинг ривожланиш тарихини шартли равишда 3 йирик даврга ажратиш мумкин:

1) «Ведалар»нинг яратилиш даври (мил. ав. 4минг йилликдан бошлаб то 1минг йилликда уларга изоҳлар ёзилиши билан тугайди);

2) эпослар даври. Икки буюк ҳинд эпоси: «Рамаяна» ва «Маҳабҳарата» эпосларининг яратилиш даври (мил. ав. 2минг йилликдан то уларнинг ёзма адабиетга кириб келиши, яъни мил. 1-а. ларгача бўлган давр);

3) эртак, масаллар, роман жанри, шеъриятга оид рисолалар ҳамда қад. ҳинд драматургиясининг шаклланиш даври (мил. бошларидан то 12-а. гача бўлган давр).

Санскрит адабиётига Веда адабиёти ва у билан боғлиқ эстетик адабиёт, санскритдаги эпик обидалар киради. Бу адабиёт халқ оғзаки ижодининг бой анъаналари таъсирида вужудга келган. Шоир ва драматург Ашвагҳоша, драматург Бҳаса унинг илк намояндаларидир. Мил. 1минг йиллик ўрталари ва охирларида Санскрит адабиётида Калидаса драмалари, Бҳартриҳари ва Амару шеърияти, Бана ва Дандин насри пайдо бўлди. Машҳур «Панчатантра» («Калила ва Димна»), «Бриҳаткатҳа», «Веталапанчавиншати», «Шукасаптати» каби асарлар Санскрит адабиёти шуҳратини оламга ёйди. Санскрит адабиёти Ҳиндистон халқлари илғор ижтимоий тафаккурини ўзида ифодалаган адабиётдир.

Санскрит адабиёти жаҳон тарихий-адабий жараёнида муҳим ўрин тутади. «Панчатантра», «Веталанинг 25 ҳикояси», «Тўтининг 70ҳикояси» каби халқ китоблари жаҳон халқлари адабиётида қайта ишланди; улар Ж. Лафонтен, И. Гёте, Г. Гейне ва б. ижодига таъсир кўрсатди. Санскрит адабиёти намуналари 10-а. бошларидаёқ Ўрта Осиёда маълум бўлган (Беруний «Калила ва Димна» таржималари хақида фикр юритган). «Маҳабхарата», «Калила ва Димна» асарлари ўзбек тилига таржима қилинган (1966).

Ад.: Серебряков И . Д., Очерки древнеиндийской литературы, М., 1971; Чельшев Е. П., Литература хинди, М., 1968. Ансориддин Иброҳимов.