САОЛИБИЙ, Абу Мансур Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Исмоил асСаолибий (961 — Нишопур — 1038) — ёзувчи, адабиётшунос, тилшунос ва тарихчи олим. Арабистон, Ироқ, Испания, Хуросон ва Мовароуннаҳр бўйлаб саёхат қилган. 992 й. да Бухорога, сўнг Хоразмга келган. Хоразмшоҳ Абул Аббос Маъмун (ҳукмронлик даври: 1009 — 17) саройида хизмат қилган, унга атаб асарлар ёзган. Саолибийнинг «Йатимат уддаҳр фи маҳосин ахл аласр» («Аср ахлининг фозиллари ҳақида замонасининг дурдонаси») тазкираси машҳур бўлиб, у ўша давр Мовароуннаҳр, Хоразм, Хуросон ва араб адабиёти ҳақидаги ноёб манбадир. Асарнинг илк нусхаси 994 — 1000 й. ларда ёзилган бўлиб, муаллиф 1011 — 17 й. ларда уни қайта ишлаб тўлдирган ва хоразмшоҳ Абул Аббос Маъмунга тақдим этган. Тазкира муқаддима ва 4 қисм (40 боб)дан иборат бўлиб, унда 10-а. ҳамда 11-а. бошларида араб тилида ижод қилган мовароуннаҳрлик ва бир қанча хуросонлик шоирлар ҳаёти ҳамда ижоди ёритилган. «Татиммат алЙатима» («Ягона дурдонага қўшимча», 1032—38) асарида эса «Йатимат уддахр» га кирмай қолган ёки кейинчалик танилган яна 209 шоир (улардан 104 нафари Мовароуннаҳр ва Хуросондан) ҳақида маълумот берилган.
Саолибийнинг «Китоб латоиф алмаориф» («Ажойиб маълумотлар ҳақида китоб») асари бувайҳийлар сулоласи вазири асСоҳиб (995 й. в. э.)га бағишланган. С исломгача ва ислом даврида ўтган кўплаб шоирлар, машҳур кишилар, халифалар, лашкарбошилар ва уларнинг тахаллуслари, тўғрисида нодир маълумотлар келтирган. Асарда муҳим тарихийэтнографик маълумотлар, Саолибий ва унга замондош арабийнавис шоирларнинг шеърларидан парчалар мавжуд.
«Fypap ахбор мулук алфурс ва сияриҳим» («Эрон подшохлари ҳақидаги хабар ва ҳикоялар сараси») номли тарихий асар, «Шоҳнома» ва бир шеърий девон ҳам яратган. «АтТамассул валмухозарат» ва «Мубҳиж» асарларини Қобус ибн Вушмгир (ҳукмронлик даври: 978— 1012) га бағишлаган. Саолибийнинг кўплаб асарлари Исматулла Абдуллаев томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.
Ас: Йатимат уддаҳр [4ж. ], Т., 1976; Татиммат алЙатима («Йатимат уддаҳр» 4қисмининг қўшимчаси), Т., 1990; Китоб латоиф алмаориф, Т., 1987; Ажойиб маълумотлар, Т., 1995.