САРАЖИ ҚЎЙ ЗОТИ

САРАЖИ ҚЎЙ ЗОТИ — ярим дағал жунли думбали қўй зоти. Ватани — Туркманистон. Номи Мари ш. яқинидаги Сари Жа овули номидан. Чорвадорлар томонидан узоқ танлаш ва саралаш орқали яратилган. Қўчқорларининг вазни 80—90 кг, совликлариники 50—65 кг. Думбаси ўртача (6—7 кг), серпуштлиги 110—115%. С. қ. з. думбали қўй зотлари орасида жун маҳсулдорлиги бўйича энг яхши зот ҳисобланади. Совлиқларидан 3—3,5 кг, қўчқорларидан 3,5 — 4,5 кг жун қирқиб олинади. Жунининг туси оқ, оч кулранг кокилчалардан иборат, уз. 12— 20 см, таркибида уз. 7 — 9 см тивити бор. Соф жун чиқиши — 55 — 60%. Жуни туркман гиламлари ишлаб чиқаришда хом ашё ҳисобланади. Соф ҳолда Туркманистонда кўпайтирилади. Йил бўйи яйловда боқишга мўлжалланган. Саражи қўй зотидан Ўзбекистонда думбали жайдари қўйлар зотини яхшилашда фойдаланилади. Тошкент вилояти Чиноз ва Янгийўл туманлари хўжаликларида Саражи қўй зоти дурагайлари урчитиб кўпайтирилади.