САРАЛАШ

САРАЛАШ (чорвачиликда) — эркак ва урғочи наслдор ҳайвонлар ва паррандаларни мақсадли йўналишда режа асосида чатиштириш С. танлаш билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, наслчилик ишларида ота-онага хос бўлган селекцион белгиларни авлоддан авлодга ўтиши хусусиятини сақлаб қолиш мақсадларида ўтказилади. Селекция амалиётида урғочи ҳайвонларга эркак ҳайвонларни жуфтлаш бўйича якка, ялпи ва ялпиякка Саралаш шакллари қўлланилади. Якка тартибда Саралашда ҳар бир она молга якка тартибда маълум бир тизим ва оилага мансуб эркак ҳайвон жуфтланади. Наслчилик хўжаликларида қўлланилади. Ялпи Саралашда гуруҳцаги она моллар, асосан, 2 эркак ҳайвонга бириктирилади. Бу шакл наслчилик бўлмаган хўжаликларда ишлатилади. Яккаялпи Саралашда подадаги ҳар бир гуруҳ она ҳайвонларга 1 эркак ҳайвон жуфтлантирилади ва наслчилик стяларида амалга оширилади. Саралашда белгиларнинг ўхшаш ёки ўхшаш бўлмаслиги бўйича гомоген ва гетероген турлар мавжуд. Гомоген Саралашда тана тузилиши, йўналиши, маҳсулдорлик даражаси яқин бўлган ота ва она ҳайвонлар жуфтланади. Гетероген Саралашда эса типи, келиб чиқиши ва маҳсулдорлик хусусиятлари ҳар хил эркак ва урғочи ҳайвонлар танлаб олинади. Гетероген Саралаш гетерозиготалик ҳолатини кучайтиради. Зот ичида гетероген Саралашни қўллаш кроссларни яратишда муҳим аҳамиятга эга. Саралашда ҳайвонларнинг ёши ҳам муҳим ва етук ёшдаги ҳайвонлар жуфтлаштирилганда улардан олинадиган авлодлар ҳар томонлама бақувват бўлади. Саралашда қариндошлик даражаси бўйича қариндош (инбридинг) ва ўзаро қариндош бўлмаган (аутбридинг) ҳайвонларни жуфтлаштириш усуллари мавжуд.

Чорвачилик селекциясида Саралаш усуллари ва шаклларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилган. Mac, Сантагертруда қорамол зотинн яратишда дастлаб шортгорн зотини Ҳиндистондан келтирилган зебу билан гетероген сараланган. Кейинчалик «ўз ичида» қариндошлик урчитиш натижасида фойдали белгилар юзага чиқиб, зотга хос биологик хусусиятлар ирсиятда мустаҳкамланган. Ўзбекистонда бу зотнинг бир неча тизимлари ва 20 дан ортиқ сигирлар оиласи яратилган. Йилқичиликда гетероген Саралаш усулларидан фойдаланиб англия зоти билан қорабайир ва англия зоти билан ахалтака зотини Саралаш орқали улардан англияқорабайир ва англияахалтака дурагайлари олиниб, от спортида самарали фойдаланилмоқда.

Изатулла Эшматов.

Loading...