САРБАДОРЛАР ҚЎЗҒОЛОНИ

САРБАДОРЛАР ҚЎЗҒОЛОНИЭрон ва Ўрта Осиёда мўғуллар зулмига қарши кўтарилган халқ қўзғолони (14-а.) Биринчи йирик қўзғолон 1337 й. Сабзавор ҳокимининг жияни Боштин қишлоғига келиб, аҳолига зулм қилиши натижасида кўтарилган. Ўзларини сарбадорлар деб Сабзаворни эгаллаб Сарбадорлар давлатини тузадилар ва Нишопур, Тусни ҳам забт этадилар. 1353 й. охирида мўғул элхонини ўлдириб, ўрдасини яксон қилиб Гургон (Астробод)ни ҳам ўз давлатларига қўшиб олдилар. Бу даврга келиб Сарбадорлар давлатига бутун Жан. Хуросон ҳам кирган.

1365 й. Самарқандда мўғул босқинчиларига қарши Сарбадорлар қўзғолони бошланади. Қўзғолонга Мавлонозода раҳбарлик қилди. Абу Бакр Кулуий (Калавий) Наддоф, Хўрдақ Бухорий унга ёрдамчи бўлдилар. Шаҳарни мудофаа қилиш мақсадида шахдрнинг барча дарвозаларини беркитиб, кўчалар, боғлар атрофига ғовлар қурдирдилар. Мўғуллар икки кун ҳужум қилиб Самарқандни ололмадилар. Учинчи куни Самарқанд атрофи қишлоқларини талаб, Мовароуннаҳрни тарк этдилар. Сарбадорларнинг ғалабаси Амир Ҳусайнни хавотирга солди. Амир Ҳусайн Балх, Бадахшон, Қундуз, Бағлон, Андхуд, Шибирғон вилоятларидан қўшин тўплаб Самарқанд сари юрди. Амир Ҳусайн Конигил майдонига етиб келгач, сарбадорлар тортиклар билан унинг ҳузурига келдилар. Амир Ҳусайн уларни зиёфат қилиб, совға-саломлар берган. Эртаси куни сарбадорлар вакилларини Карбос мавзеида ҳибсга олган ва дорга осган. Факат шу куни Конигилга етиб келган Амир Темур Мавлонозодани дор тагидан сақлаб қолган.

1373 й. маҳаллий мулқцорларга қарши Кермонда Сарбадорлар қўзғолони бошланган. Мулкдорларнинг молмулкини мусодара қилишган, амалдорларни ҳибсга олишган. 1374 й. шоҳ Шужо Музаффар томонидан қўзғолон бостирилган.

Ад.: Низомиддин Шомий, Зафарнома, Т., 1996; Давлатшоҳ Самарқандий, Шоирлар бўстони, Т., 1981.

Наим Норқулов.