САРИҚ

САРИҚ, сариқлар, шари — Ўрта Осиёдаги туркий халқлар таркибига кирган қабила номи. Илк урта асрларда Жан. Сибирь, Еттисув ва Сирдарё бўйларида усун, абдал, (қайҳун) қабилалари билан бирга яшашган. 8 — 10-а. лардаги хитой манбаларида шэли, шари (сари, сариқ) номи билан қайд этилган. С. Шарқий Турк хоқонлиги таркибига кирган. К. Шониёзовнмнт фикрича, Сариқнинг ғарбга дастлабки силжиш жараёни 8-а. нинг 60й. ларида содир бўлган. Айни шу вақтда қарлуқлар Еттисувни эгаллаганлар. Сариқнинг катта қисми улар билан бирга Чу водийсига келиб ўрнашган. 10-а. ўрталарида Сариқ Қорахонийлар давлати таркибида бўлиб ўзбек элатининг шаклланишида бевосита қатнашган. 10—15-а. лар ва кейинги даврларда Дашти Қипчоқда яшаган. Сариқ курашлар ва ўзаро низолар туфайли кичик бўлакларга бўлиниб ўзбек, туркман, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, бошқирд халқлари таркибига кирган. Сариқнинг Жунғория ва Тарбағатойда қолган қисми Сибирь халқлари таркибига кирган. Сариқнинг Шим. Хитойда қолган гурухлари шу ерда яшовчи уйғурлар билан қўшилиб, улар ичида сариқуйғур этник гуруҳини ташкил этган.

16-а. дан бошлаб Сариқ туркманлар таркибида қабила сифатида маълум бўлиб, Манғишлоқ ва Ғарбий Туркманистонда така ва ёвмутлар билан бирга яшаган. 1897 й. аҳоли рўйхатида бу ҳудудларда Сдан 31 минг хўжалик ҳисобга олинган. Шунингдек, С. Туркманистоннинг Тахтабозор, Йўлўтан туманларида ҳам истиқомат қилган. Туркман Сариқ бир қанча уруғларга бўлинган: суқти, байрач, хуросонли, алаша, херзет. Туркман Сариқнинг бир қисми Ўзбекистоннинг Олот ва Муборак туманларида ҳам яшашган. Уларнинг қуйидаги этник гурухлари маълум: кўса, жўйжони, сапча ва бек. 1926 й. ги аҳоли рўйхатига кўра, Сурхондарёнинг Шеробод туманида Сариқга мансуб 1190 киши яшаган. С. Қирғизистон, Афғонистонда ҳам бор. Ўтмишда Сариқ чорвачилик, бир қисми деҳқончилик билан шуғулланган. 20-а. нинг 30й. ларидан С хўжалигида деҳқончилик, хусусан, пахтачилик ва яйлов чорвачилиги етакчи ўрин тута бошлаган.

Ад.: Карпов Г. И., К истории туркменсарыков, Ашхабад, 1996; Шониёзов К., Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни, Т., 2000.