САРИЁҒ

САРИЁҒ — асосан, сигир сути қаймоғидан олинадиган озиқ-овқат маҳсулоти. Биологик хусусияти, таъми ва сифати жиҳатидан бошқа ёғлардан устун туради, инсон организмида енгил (95% гача) ҳазм бўлади. Таркибида сут ёғи камида 72—82,5% (эритилган Сариёғда 98—99%) ни ташкил этади, ёғ кислоталари мажмуи, фосфатидлар ва ёғда эрийдиган витаминлар, сутда бўлган оқсил, углеводлар, айрим сувда эрийдиган витаминлар, минерал моддалар ва сув бор. 18—23° да қотади, 27—36° да эрийди. Сариёғ эритилмаган ва эритилган хилларга бўлинади. Илгари Сариёғ кувда пишиб олинган. Саноатда эритилмаган С, асосан, 2 усулда: 30—45% ли қаймоқни қувлаб ва серёғ қаймоқни қайта ишлаб тайёрланади. Кувлаб олинадиган Сариёғ қаймоғи 85—90° да пастерланади (қ. Пастеризация), сўнгра 4 — 8° гача тез совитилади. Натижада сут ёғи диаметри 1—3 мм ли доналарга ажралади, улардан ёғсиз қисми ажратилгач, тайёр Сариёғ прессланади. С е р ё ғ (80% гача) қаймоқдан Сариёғ ишлаб чиқаришда пастерланган қаймоқ босим остида мой ажраткичга узатилади, унда жадал аралаштириб турилади ва 12 — 14° гача тез совитилади. Пастерланган қаймоққа қанд, какао ва ванилин каби хушбўй моддалар (шоколадли С), табиий мева шарбати ва шакар (мевали С), асал (асалли Сариёғ) қўшиб, аралашмали Сариёғ тайёрланади. Эритилган Сариёғнинг тузеиз, тузли ва б. хиллари бор. Эритилмаган Сариёғни эритиб ва қўшимча аралашмалардан тозалаб, эритилган Сариёғ олинади. Эритилган Сариёғ бузилмайди. Сариёғ юқори калорияли маҳсулотдир. 100 г С. нинг калорияси ўртача 770 ккал ёки 3,06 Мж га тенг.

Loading...