САРКОФАГ (юн. — гўштни ютувчи) , сарқофа — тобут турларидан бири. Асосан, тош, мармар, ёғочдан тўғри тўртбурчак, баъзан қайиқсимон қопқоқли қилиб ясалган.
Саркофагга жасад қўйиш Қад. Мисрда фиръавнлар сулоласи даври (мил. ав. 3минг йиллик)да кенг расм бўлиб, Сурия, Финикия орқали Шарққа, шунингдек, Греция ва Римга тарқалган. Марказий ва Шарқий Олтойдаги қад. скиф қўрғонларини очиш жараёнида ёғоч ғўладан ўйиб ишланган Саркофаглар топилган. Саркофагга кўпинча жасад мўмиёлаб қўйилган. Амир Темур жасади ҳам Саркофагга солинган (бу С Самарқанддаги Ўзбекистон халқлари маданияти ва санъати тарихи музейида сақланмоқда). Саркофаглар ўзининг бадиий безак ва суратлари, шунингдек, ҳар хил қад. ёзувлари билан санъат ҳамда эпиграфика ёдгорлиги саналади.