САВДО КАПИТАЛИ — товар муомаласи соҳасида амал қилувчи капитал, саноат капиталининг алоҳидалашган қисми. Унинг ҳаракат шакли П—Т—П’ бўлиб (бунда Ппул, Ттовар, П’ортган пул суммаси), товарларни сотиб олиб, қайтадан фойдасига сотишни биддиради. Савдо капитали айирбошлашни кенгайтириб, бир тармоқнинг бошқа бир тармоқ маҳсулотларига бўлган талабини қондиради; сотишни, товарларнинг ўтишини кўпайтириш орқали и. ч. ни кенгайтиради ва рағбатлантиради. Тарихан Савдо капитали саноат капиталидан қадимийроқ бўлиб, судхўрлик капитали билан бир қаторда эркин ҳаракат қилувчи капитал шакли бўлган. Савдо капиталининг фойдаси ноэквивалент айирбошлаш ва харидорлар ҳисобига юзага келади. Натурал хўжаликнинг емирилиб, товарпул муносабатларининг ривожланишида, капиталнинг дастлабки жамғарилиши жараёнида, капиталистик и. ч. муносабатларининг вужудга келиши ва ривожланишида катта роль ўйнади. Савдо ахли ва мулкдорлар қўлида катта миқдорда пулнинг жамғарилиши уни йирик капиталистик и. ч. учун ишлатиш имкониятини туғдирди. Савдо капитали эгалари бўлган савдогарларнит катта қисми кейинчалик саноатчиларга айланди. Савдо капитали турли тузумларда ҳам товарларнинг «мудраб ётган негизи»ни ривожлантиради, аммо товар ҳосил қилмайди. Ҳозир Савдо капитали таркибида қўшимча харажатларнинг улуши тобора кўпайиб бормоқда. Бу ҳол и. ч. нинг савдо соҳасида давом этаётган жараёнлари — товарларни қадоклаш, ўраш, сақлаш ва ташиш сингари ишларга килинадиган харажатларнинг, реклама йўналишларидаги сарфларнинг кўпайишида кўринади.