САВДОГАРБАНК

«САВДОГАРБАНК» — Ўзбекистондаги акциядорлик тижорат банкларидан бири. 1994 й. 12 майда савдо ва тижоратга кўмаклашувчи «Савдогар» акциядорлик тижорат банки сифатида ташкил этилган. Бошқаруви Тошкент ш. да. Банк таъсисчилари: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, «Ўзбексавдо», «Ўзбекбирлашув» акциядорлик компаниялари. Акциядорлари 8079 юридик ва жисмоний шахслардан иборат. «Савдогарбанк» кенг тармоқли универсал банклардан бири бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда, туманларда 50 та бўлими, 24 минибанки ишлайди. Банк республикадаги турли тармоқ корхоналарига банк хизматларини кўрсатади. Жумладан, савдо корхоналари билан халқ хўжалигининг барча тармоклари корхоналари ўртасидаги савдокредит операциялари ва ҳисобкитобларни маблағ билан таъминлаш, лизинг, факторинг, ҳужжатли инкассо ва ҳужжатли аккредитивлар, экспортимпорт битимларини расмийлаштириш, «банкмижоз» масофадан туриб ҳисобрақамларга хизмат кўрсатиш, автокредитлар бериш каби хизматларни амалга оширади. «Савдогарбанк» томонидан и. ч. микрофирмалари, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, кичик ва ўрта бизнес корхоналари, деҳқон ва фермер хўжаликларига ҳамда якка тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредитлар ажратишга алоҳида эътибор каратилади. Мижозлар (22815 та; 2004 й. 1 янв.) б-н ишлаш услублари ун-тазам такомиллаштирилиб, банк хизматларининг замонавий шакллари амалиётга жорий этилмоқда. Банк республика қимматли қоғозлар бозорида фаол қатнашади. АБН Амробанк, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, Германиянинг «Банк Гезельшафт Берлин» банклари билан вакиллик алоқалари ўрнатилган. Банк устав капитали 2,5 млрд. сўм, ўз капитали 4,2 млрд. сум, йиллик фойда 1 млрд. сўм, жами активлари 44,5 млрд. сўм, тизимда 2 мингдан ошиқ ходим ишлайди (2004, 1 янв.). Мусурмон Нурмаматов.