САВИЦКИЙ Игорь Витальевич (1915.4.8, Киев — 1984.27.7, Нукус) — график рассом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1964), Қорақалпоғистон халқрассоми (1974). Москва рассомлик ин-тини тугатган (1946). Савицкий ижоди бадиий тасвир услубининг дадиллиги, бўёқ қатламини дағал ётқизилиши билан ажралиб туради; оқиш ранглар уйғунлиги (жигарранг, қовоқ ҳамда сабзи ранг ва б.)ни афзал кўрган рассом асарларида жануб табиати, Қорақалпоғистон манзаралари ўзининг ёрқин аксини топган: «Оқ қалъа. Умумий кўриниш» (1954); «Қорақумда», «Чимбой оқшоми», «Кегейли канали» — ҳаммаси 1956; «Қайрағочлар» (1959) ва б. С. асарлари Ўзбекистон санъат музейи, Ўзбекистон халқлари тарихи музейи, Қорақалпоғистон санъат музейида сақланади. Рассомнинг саъйҳаракатлари натижасида ташкил топган Қорақалпоғистон санъат музейига Савицкийнинг номи берилган. Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти лауреати (1983). «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2002).
Ас: Резьба по дереву. Народное прикладное искусство Каракалпакии, Т., 1963.