САВМАК ҚЎЗҒОЛОНИ

САВМАК ҚЎЗҒОЛОНИ — Боспор подшолигида Савмак раҳбарлигида скифлар кўтарган қўзғолон. Савмак қўзғолонига Боспор подшоси Перисад V билан Понт лашкарбошиси Диофант ўртасида Боспор подшолигини Митридат VI (Понт подшоси)га топшириш тўғрисидаги шартнома сабаб бўлган. Кўзғолон пайтида Боспор скифларининг йўлбошчиси Савмак подшо Перисад V ни ўлдирган. Диофант эса Херсонесга қочган (тахм. маълумотларга кўра, аслида Савмак қул бўлган, Перисад V саройида улғайган). Қўзғолончилар Боспорнинг бутун Европа қисмини эгаллаганлар. Қўзғолонда қарам деҳқонлар, ҳунармандлар ва қуллардан иборат скиф халқи қатнашган. Боспор давлатининг йирик қулдорлари ҳукмронликни сақлаб қолиш учун ҳокимиятни Митридат VI га топшириш билан мустабид режимни ўрнатмоқчи бўлганлар. Уларнинг бу режасини амалга оширишга Савмак қўзғолони тўсқинлик қилган. Савмак бир йилгача Боспор подшолигини бошқарган. Митридат VI Синопга Диофантнинг катта жазо экспедициясини юборган. Қримда унга Херсонес отрядлари қўшилган. Диофант қўшинлари Феодосияни ишғол қилиб, Керчь я. о. дан ўтиб, Пантикапейни босиб олганлар. Қўзғолон бостирилган, Савмак асир олиниб, Синопга юборилган. Боспор давлати эса Митридат VI қўл остига ўтган.